
Ўзбекистон хизматлар бозорининг қайси йўналишларида юқори ўсиш кузатилмоқда?
2025 йилнинг ўн ойида бозор хизматлари ҳажми кескин ошиб, айрим йўналишларда юқори ўсиш суръатлари қайд этилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 916 трлн сўмни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич хизматлар соҳасида иқтисодий фаоллик барқарор ўсиб бораётганини ва тармоқ иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айланганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, энг юқори ўсиш суръати молиявий хизматлар ҳиссасига тўғри келган. Ушбу йўналишда хизматлар ҳажми 123,7 фоизга ошган бўлиб, банк, суғурта ва бошқа молиявий инструментларга талаб сезиларли даражада ортганини англатади.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳам юқори суръатларда ривожланмоқда. Мазкур соҳада ўсиш 122,6 фоизни ташкил этган. Бу рақамли технологиялар, интернет хизматлари ва ахборот инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади.
Ижара хизматлари 119 фоизлик ўсиш билан учинчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 115,3 фоизга, меъморчилик ва муҳандислик хизматлари эса 115,2 фоизга ўсган.
Транспорт хизматлари 112,9 фоиз, савдо хизматлари 113,3 фоиз, бошқа хизматлар эса 113,1 фоизга ўсган. Компютер ва маиший товарларни таъмирлаш хизматларида ўсиш 112,8 фоизни, шахсий хизматларда эса 112 фоизни ташкил этган.
Кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 111,7 фоизга, яшаш ва овқатланиш хизматлари 109,3 фоизга ошган. Таълим соҳасидаги хизматлар эса 108,8 фоизлик ўсишни қайд этган бўлиб, ушбу йўналишда ҳам барқарор ривожланиш сақланиб қолмоқда.




