
Ўзбекистон–Япония ўртасида 12 млрд долларлик келишувларга эришилди
Токио сафари якунлари икки давлат муносабатларини кенгайтирилган стратегик шериклик босқичига олиб чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи якунларига кўра, икки мамлакат ўртасида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар ва кооперация лойиҳалари портфели шакллантирилди. Ташриф Ўзбекистон–Япония муносабатларини кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарди.
Токио шаҳрида ўтказилган музокаралар давомида Япония Императори, Бош вазир, парламентнинг икки палатаси раҳбарияти, ҳукумат аъзолари, ишбилармон доиралар ва академик ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликнинг анъанавий гуманитар ва техник кўмак форматидан чиқиб, узоқ муддатли стратегик мазмун касб этаётганини кўрсатди.
Иқтисодий шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Илгари асосан гуманитар лойиҳаларга таянган ҳамкорлик эндиликда савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларни тўлиқ қамраб олмоқда. Шакллантирилган 12 миллиард долларлик портфель таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва сув ресурслари, транспорт ва шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда табиий офатлар хавфини бошқариш соҳаларини ўз ичига олади.
Шунингдек, «яшил» энергетика, энергияни сақлаш тизимлари ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳалар устувор йўналиш сифатида белгиланди. Етакчи япон корпорациялари билан узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклиф этилди.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё + Япония мулоқотининг илк саммитида иштирок этиши ҳам муҳим воқеа бўлди. Саммитда ҳудудий боғлиқликни чуқурлаштириш, «яшил иқтисодиёт», инвестициявий ва рақамли шериклик, инсон капитали салоҳиятини ошириш ташаббуслари муҳокама қилинди ва Токио декларацияси қабул қилинди.





