Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йилдан йилга пасаймоқда

Bugun 17:552 daqiqa

2026 йил март ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 30 фоиздан ортиққа камайиб, сўнгги йиллардаги энг паст даражага тушди.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йилдан йилга пасаймоқда

Ўзбекистонда 2026 йил март ойида табиий газ қазиб олиш кескин қисқариб, тарихий минимумларга яқинлашди. Ой давомида жами 2,7 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 млрд куб метрга ёки 30,8 фоизга камайишни англатади. Бу ҳақда Миллий Статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.

Статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда 289,3 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ўсган бўлса-да, нефт-газ секторида пасайиш сақланиб қолмоқда.

Уч ой давомида 9,6 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга кам. Шу билан бирга, нефт қазиб олиш 157,3 минг тоннани ташкил этган (ўтган йили — 160,8 минг тонна), кўмир эса 1,1 млн тонна даражасида қайд этилган.

1

Manba statistika qo'mitasi

Газ қазиб олишнинг кунлик ҳисобида ҳам пасайиш яққол кўзга ташланмоқда. Агар 2025 йил март ойида кунига ўртача 125,8 млн куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2026 йил мартда бу кўрсаткич 87,1 млн куб метрга тушиб кетган. Ҳатто феврал ойидаги 114 млн куб метрлик кунлик ҳажм ҳам март ойидаги кўрсаткичдан юқори бўлган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, ҳали Ўзбекистон тарихида бунақа юқори даражада газ қазиб олишнинг бирданига қулаши кузатилмаган эди.

“Бу қайсидир йирик кондаги муаммо билан боғлиқми? Ё давом этаётган тизимли инқирознинг янги тубими? Энергетика вазирлиги нима дейди? "Аномал юқори босимли", "жуда йирик" газ конлари очилди, дея юқорига берилган рапортлардан кейин аҳвол яхшиланиш ўрнига ойдан-ойга тобора оғирлашаётганига бирон-бир изоҳ борми?”, — дейди иқтисодчи.

Айни пайтда айрим саноат йўналишларида ўсиш кузатилди. Жумладан, электр энергияси ишлаб чиқариш 22,93 млрд кВт/соатга етган, автомобил бензини ишлаб чиқариш 313,2 минг тоннага чиққан. Энг юқори ўсиш дизель ёқилғисида кузатилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 280,9 минг тоннага етиб, қарийб 55 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Бироқ дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми ортган бўлса-да, март ойида 35,8 минг тонна, ўтган йилнинг мартига нисбатан 1,5 карра кўп дизель ёқилғиси импорт қилинган. Шунингдек, бензин импорти ҳам ўтган йилнинг январ-март ойларига нисбатан 205 минг литрдан 428 минг литрга ортган.

2

manba bojxona qo'mitasi

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил январ-март ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 18 млрд АҚШ долларига етганлиги ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 471 млн АҚШ долларига ёки 2,7  фоизга кўпайганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid