Ўзбекистонда гўшт нархи ўсмоқда: импорт қисқариши бозорга қандай таъсир қилди?

Bugun 20:503 daqiqa

Айни вақтда импорт ҳажмлари қисқариб, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан таққослаганда ҳам энг қиммат бозорлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда гўшт нархи ўсмоқда: импорт қисқариши бозорга қандай таъсир қилди?

Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари нархи ўсишда давом этмоқда. Марказий банкнинг narxtahlil.uz платформаси маълумотларига кўра, 20–26 май кунлари республика бўйича мол ва қўй гўшти нархларида навбатдаги қимматлашув кузатилган.

Ҳисоботга кўра, бир килограмм мол гўштининг ўртача чакана нархи бир ҳафтада 121 минг 40 сўмдан 121 минг 762 сўмгача кўтарилиб, 0,6 фоизлик ўсиш қайд этилган. Ҳудудлар кесимида энг юқори қимматлашув Сурхондарё вилоятида кузатилиб, нархлар 1,75 фоизга ошиб, ўртача 123 минг 599 сўмга етган.

Қўй гўшти бозорида ҳам ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Республика бўйича ўртача нарх 132 минг 379 сўмдан 132 минг 880 сўмгача кўтарилган. Энг юқори ўсиш Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилиб, нархлар бир ҳафта ичида 1,31 фоизга ошган.

1 июнь ҳолатида Тошкент шаҳридаги «Эски жува» деҳқон бозорида мол гўштининг улгуржи нархи 75 минг сўмдан 106 минг сўмгача бўлган оралиқда шаклланган. Қўй гўштининг улгуржи нархи эса 90 минг сўмдан 130 минг сўмгача етмоқда.

Korzinka супермаркетлар тармоғида эса гўшт маҳсулотлари турига қараб, 125 минг 990 сўмдан 205 минг 990 сўмгача белгиланган.

Импорт қисқармоқда

Гўшт бозоридаги нарх босими импорт ҳажмларидаги ўзгаришлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Божхона қўмитаси маълумотларида қайд этилишича, 2026 йил январь–май ойларида Ўзбекистонга жами 320,6 млн долларлик (тахминан 3,85 трлн сўмлик) гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,1 млн долларга (тахминан 217,2 млрд сўмга) кам.

Импорт таркибида асосий улуш қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Беш ой давомида мамлакатга 49,9 млн килограмм қорамол гўшти олиб кирилган бўлиб, унинг қиймати 239,2 млн долларни (тахминан 2,87 трлн сўмни) ташкил этган. Бир йил аввал эса 66 млн килограмм қорамол гўшти импорт қилинган эди.

Қўй гўшти импорти ҳам қисқарган. Ҳисобот даврида 9,2 млн килограмм қўй гўшти импорт қилиниб, бунинг учун 26,4 млн доллар (тахминан 316,8 млрд сўм) сарфланган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида 11,1 млн килограмм қўй гўшти 14 млн долларга (тахминан 168 млрд сўмга) олиб келинган.

Натижада қўй гўшти импорти ҳажми қарийб 17 фоизга камайган бўлса-да, уни харид қилиш учун сарфланган маблағ деярли икки баробарга ошган. Бу ташқи бозорларда қўй гўшти нархлари сезиларли қимматлашганини кўрсатади. Қорамол гўшти импортида эса ҳам ҳажм, ҳам қиймат бўйича пасайиш кузатилган.

Марказий Осиёда нархлар қандай?

Таққослаш учун, қўшни Қозоғистонда мол гўштининг ўртача нархи 7,6 доллар ёки 91 200 сўм ташкил этади. Қирғизистонда мол гўштининг ўртача нархи бир килограмм учун 6,5 доллар (тахминан 107,1 минг сўм) атрофида шаклланган. Тожикистонда эса бир килограмм гўштнинг ўртача қиймати 10–11 доллар ёки тахминан 120–132 минг сўмга етган. Шу тариқа, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистонда гўшт нархи анчайин юқори шаклланган.

«Гўшт кўпчилик учун ҳашаматга айланмоқда»

Журналист Илёс Сафаров мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, муаммонинг асосий сабаблари ва эҳтимолий ечимлари ҳақида фикр билдирди.

Сафаровнинг таъкидлашича, бугунги кунда гўшт маҳсулотлари кўплаб оилалар учун кундалик истеъмол маҳсулотидан кўра қимматбаҳо маҳсулотга айланиб бормоқда.

«5–6 кишилик ўртача оиланинг ҳафтасига харид қилаётган 1–1,5 килограмм гўшти инсон организми учун зарур бўлган минимал озиқланиш меъёрларини ҳам тўлиқ қопламайди. Бу ҳолат узоқ муддатда аҳоли саломатлиги ва келажак авлодлар соғлиғи учун ҳам хавф туғдириши мумкин», дейди у.

Умуман олганда, рақамлар гўшт бозоридагқимматлашув вақтинча эмаслигини кўрсатади. Агар таклифни ошириш ва чорвачиликдаги тизимли масалаларни ҳал қилиш бўйича самарали чоралар кўрилмаса, нархлар босими келгуси ойларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Maftuna Yaxshilikova tayyorladi

Teglar

Mavzuga oid