Logo

Ўзбекистонда ҳам вояга етмаганларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш режалаштирилмоқда

16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам вояга етмаганларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова маълум қилди.

Унинг айтишича, мазкур ташаббус юзасидан парламент депутатлари ва сенаторлар билан муҳокамалар ўтказилган. Энди қонун лойиҳасини тайёрлаб, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилмоқда.

«Биз ҳам ҳозир ушбу масалани ўйлаяпмиз. Бу бўйича депутатларимиз ва сенаторларимиз билан ҳам гаплашдик. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўймоқчимиз. Бу тартиб бизда ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман», — деди вазир.

Эъзозхон Каримова болаларни телефондан тўлиқ воз кечтириш имкони йўқлигини, чунки замонавий ҳаётда мобил қурилмалар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Шу билан бирга, у телефондан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва ундан меъёр асосида фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.

«Ҳозир асри, болаларимиздан телефонларни юлиб ололмаймиз. Албатта, телефон керак. Аммо ундан фойдаланиш маданияти ва меъёри ҳам бўлиши зарур. Ўқувчининг мактабга киришдан олдин телефонини қолдиришга оид буйруқ чиққан ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳам мавжуд. Лекин бу қоидалар қаердадир ишлайди, қаердадир эса ишламайди. Буни эндиликда қаттиқ назоратга олиб, 16 ёшгача бўлган болаларимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни қонун билан чекламоқчимиз», — деди Эъзозхон Каримова.

Сўнгги ойларда қатор давлатлар вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, 18 июнь куни БААда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга кириши тақиқланди. Янги қоидаларга кўра, ушбу ёш тоифасидагилар шахсий аккаунт очиши ёки платформаларнинг тўлиқ функцияларидан фойдаланиши мумкин эмас. Шунингдек, ота-онанинг расмий розилиги ҳам мазкур тақиқдан истисно ҳисобланмайди. Ижтимоий тармоқларга янги талабларни жорий этиш учун 12 ойлик ўтиш муддати берилган.

Teglar

Mavzuga oid