Logo

Ўзбекистонда нақд валютани декларациясиз олиб чиқиш лимити оширилиши мумкин

Bugun 16:281 daqiqa

Ўзбекистонда нақд миллий ва хорижий валютани божхона декларациясисиз олиб чиқиш лимити 10 минг доллар эквивалентигача оширилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирда бу чегара 100 млн сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда нақд валютани декларациясиз олиб чиқиш лимити оширилиши мумкин © ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда йўловчилар нақд миллий ва хорижий валютани божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқиши мумкин бўлган лимитни 10 минг доллар эквивалентигача ошириш таклиф қилинмоқда. Ҳозирги чегара 100 млн сўм ёки 2-сентябрдаги курс бўйича тахминан 8453 долларни ташкил этади. Бу чора «Янги Ўзбекистон божхонаси — 2030» стратегиясида назарда тутилган.

Унга кўра, фақат белгиланган лимитдан ошган нақд пул учун декларация талаб қилинадиган тизим яратилиши мумкин. Божхона қўмитасига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни 2027-йил декабрига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Амалдаги 100 млн сўмгача бўлган нақд миллий ёки хорижий валютани декларациясиз олиб чиқишга 2023-йил сентябридан бошлаб рухсат берилган. Бунга қадар лимит 70 млн сўм эди.

100 млн сўмдан ортиқ маблағ олиб чиқилганда эса декларация тўлдирилиши шарт. Бунда фақат лимитдан ошган сумма эмас, балки олиб чиқилаётган барча маблағ кўрсатилади.

Истиснолар ҳам бор

Ҳозирда 100 млн сўмдан ортиқ нақд пулни олиб чиқишга айрим ҳолатларда рухсат берилади. Жумладан, хорижий хизмат сафарига юборилаётган ҳукумат делегациялари аъзолари учун истисно мавжуд.

Норезидентлар аввал Ўзбекистонга олиб кирган ва декларация қилган валюта қолдиғини олиб чиқиши мумкин. Халқаро мусобақа, танлов ва олимпиадалар иштирокчилари ҳамда совриндорлари учун ҳам алоҳида тартиб белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid