Logo

Ўзбекистонда опцион, фючерс ва «сукук» қимматли қоғозлари жорий этилади

Bugun 21:452 daqiqa

Халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда янги таҳрирдаги «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистонда опцион, фючерс ва «сукук» қимматли қоғозлари жорий этилади

Ўзбекистонда опцион, своп, фючерс ва форвард каби ҳосила молиявий воситалар, шунингдек, ислом молияси воситалари жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан қилинган тақдимотда маълум қилинди.

Қайд этилишича, халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда янги таҳрирдаги «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 16 та боб ва 123 та моддадан иборат ушбу ҳужжат капитал бозорини замонавий бозор нормалари асосида тартибга солиш, инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, бозор инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва янги молиявий воситаларни жорий этишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган янги молиявий инструментларни жорий этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Халқаро деривативлар ва своплар ассоциацияси стандартларига мувофиқ, мамлакатимизда опцион, своп, фьючерс ва форвард каби ҳосила молиявий воситалар, шунингдек, неттинг шартномаси асосида битимлар тузиш тизими йўлга қўйилади.

Ислом молияси воситаларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатда илк бор шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукуки каби ислом молияси турларини ўз ичига олган «сукук» қимматли қоғозларини чиқариш шартлари белгиланмоқда.

Мутасаддиларга янги таҳрирдаги «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасини халқаро ҳамкорлар билан муҳокама қилиш, бозор инфратузилмасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid