Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш лойиҳаси ишлаб чиқилади
Чанг-тўзонлар кучайган ҳудудларда ёғингарчиликни 20 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.
© Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш бўйича илмий асосланган пилот лойиҳа ишлаб чиқилади. Бу вазифа Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилги давлат дастури тўғрисидаги фармонида белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга кўра, республикада чанг-тўзонлар тез-тез кузатиладиган ҳудудларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 2026 йил 1 мартдан бошлаб хорижий тажрибани ўрганган ҳолда сунъий ёмғир технологияси бўйича пилот амалий лойиҳа тайёрлайди.
Лойиҳа доирасида камида 3–5 та амалий синов ўтказиш кўзда тутилган. Синовлар натижасида ёғингарчилик ҳажмини табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга ошириш мақсад қилинмоқда. Бу орқали қурғоқчил ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш ва атмосферадаги чанг миқдорини камайтириш режалаштирилган.
Лойиҳага масъуллар
Вазифа ижроси учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари масъул этиб белгиланди. Маҳаллий даражада синов майдонларини танлаш ва инфратузилмани тайёрлаш ишлари амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрел ойида «International Centre of Climate Change Technologies» билан ҳамкорликда илк бор сунъий ёмғир технологияси синовдан ўтказилган эди. Навоий вилоятининг Конимех туманида махсус қурилма ўрнатилиб, булут ҳосил қилиш ва ёғингарчилик чақириш имкониятлари ўрганилган.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларида ишлаб чиқилган илғор технологиялар, хусусан ёмғир ҳосил қилиш усулларини Оролбўйи минтақасида жорий этиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.





