
Ўзбекистонда суюлтирилган газ таъминоти ўтган йил давомида 637 минг тоннадан ошди
Ўтган йил мобайнида газ таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 28,9 мингта қўшимча маиший газ баллони аҳолига тарқатилди.

2025 йил давомида Ўзбекистонда аҳолини суйултирилган газ билан таъминлаш ҳажми кескин оширилиб, жами 637,3 минг тоннадан ортиқ маҳсулот истеъмолчиларга етказиб берилди. Бу кўрсаткич мамлакатда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж юқори даражада қондирилаётганини англатади.
«Hududgaztaʼminot» АЖ маълумотига кўра, айни пайтда 4,5 миллиондан ортиқ истеъмолчи табиий газ, 3,7 миллиондан зиёд аҳоли эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Маҳсулот етказиб бериш жараёни ҳудудий газ таъминоти филиаллари балансидаги 852 та махсус автотранспорт воситаси орқали амалга оширилмоқда.
Ўтган йил мобайнида газ таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 28,9 минг дона қўшимча маиший газ баллони аҳолига тарқатилди. Бу, айниқса, чекка ҳудудларда таъминот барқарорлигини оширишга хизмат қилди.
Шунингдек, инфратузилмани кенгайтириш доирасида 5 та хусусий газ тўлдириш иншооти жараёнга жалб этилди. Натижада газни сақлаш қуввати 171 тоннага, тўлдириш қуввати эса 2,5 минг тоннага оширилди, бу эса таъминот узлуксизлигини таъминлаш имконини берди.
Соҳада шаффофликни кучайтириш мақсадида газ баллони топшириш жараёнида хонадон эгасини FaceID орқали тасдиқлаш тизими жорий этилди. Ушбу тизим муваффақиятли синовдан ўтиб, барча ҳудудларда амалиётга татбиқ этилди.
2025 йил июн ойида суюлтирилган газ — пропан нархи биржа савдоларида 30 фоизга ошгани қайд этилган.
Миллий статистика берган маълумотга кўра, октабр ойида пропан нарх 3,3 фоизга ошган.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси ички бозорда маҳаллий пропан ҳажми қисқариб, импорт ҳиссаси ортиши нарх шаклланишига босим ўтказётганини билдирган эди. Шунингдек, Рақобат қўмитаси метан чекловлари даврида суюлтирилган газ — пропан нархларини сунъий ошириш аломатлари бўйича иш қўзғатди.
Рақобат қўмитаси берган маълумотга кўра, пропан нархи 9,3 млн сўмдан 7,8 млн сўмга тушган. Нархни сунъий оширган 92 та корхонага нисбатан монополияга қарши иш қўзғатилган.





