
Ўзбекистонда телекоммуникация хизматлари ҳажми 22,6 трлн сўмга етди
Ушбу соҳадаги ўсиш рақамли иқтисодиёт ва алоқа инфратузилмасига талаб ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда телекоммуникация хизматлари ҳажми 22,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизлик ўсишни англатади ва алоқа ҳамда ахборотлаштириш соҳасида барқарор ривожланиш сақланаётганини кўрсатади. Шунингдек, 2025 йилнинг 11 ойида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари умумий ҳажмида телекоммуникация хизматларининг улуши 32 фоизга тенг бўлган.
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда телекоммуникация хизматлари ҳажми 9,49 трлн сўмни ташкил этиб, республика кўрсаткичининг салмоқли қисмини қамраб олган.
Вилоятлар орасида Самарқанд вилояти 1,64 трлн сўм ва Фарғона вилояти 1,64 трлн сўм билан юқори кўрсаткичларни қайд этган. Андижон вилоятида телекоммуникация хизматлари ҳажми 1,31 трлн сўмни, Тошкент вилоятида эса 1,21 трлн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида 1,16 трлн сўм, Наманган вилоятида 1,14 трлн сўм, Сурхондарё вилоятида 913,5 млрд сўм ҳажмида хизматлар кўрсатилган. Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятига тўғри келиб, у ерда телекоммуникация хизматлари ҳажми 419,4 млрд сўмни ташкил этган.





