Logo

Ўзбекистонда яқин кунларда Apple Pay ҳам ишга туширилади

Бу борадаги техник ишлар Марказий банк, тижорат банклари ҳамда Humo ва Uzcard томонидан олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда яқин кунларда Apple Pay ҳам ишга туширилади © uzairways.uz

Ўзбекистонда туристлар учун қулайликларни ошириш мақсадида яқин кунларда Apple Pay тизими иш бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қўмита хабарига кўра, Apple Pay хизматини ишга тушириш бўйича техник ишлар Марказий банк, тижорат банклари ҳамда HUMO ва Uzcard тўлов тизимлари томонидан олиб борилмоқда.

«Асосий мақсад чет эллик сайёҳларга Ўзбекистонда ҳам ўзлари ишонган ва хавфсиз деб билган тўлов воситаларидан фойдаланиш имконини беришдир», — дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, бу қадам хорижий меҳмонларнинг нақд пул ва халқаро банк карталарига боғлиқлигини камайтиришга қаратилган бўлиб, дунёнинг етакчи тўлов тизимларини миллий инфратузилмага интеграция қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг давоми ҳисобланади.

Хитой ва Ҳиндистон бозорларига алоҳида эътибор

Қайд этилишича, шу билан бирга, сайёҳлар оқими жадал ўсиши кутилаётган Хитой ва Ҳиндистон бозорларига алоҳида эътибор қаратилиб, Alipay+ ҳамда NPCI International тизимлари билан интеграция ишлари олиб борилмоқда:

— Август ойида HUMO инфратузилмасида Alipay+ тўлов шлюзи ишга туширилди;
— Эндиликда Alipay ва унга уланган электрон ҳамёнлар фойдаланувчилари, хусусан, хитойлик сайёҳлар Ўзбекистонда UZQR орқали тўловларни амалга оширмоқда;
— Яқинда Мумбайда бўлиб ўтган Global Fintech Fest 2026 доирасида HUMO ва NPCI International (Ҳиндистон) раҳбарияти трансчегаравий QR-тўловлар тўғрисидаги келишувни амалга оширишнинг амалий масалаларини муҳокама қилди;
— UZQR ва Ҳиндистоннинг UPI тизимини бирлаштирувчи лойиҳа ҳиндистонлик сайёҳларга савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўзлари одатланган иловалар орқали QR-кодни сканерлаб тўлов қилиш имконини беради.

Маълумот учун, 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган C5+1 форматидаги тадбирда Google Cloud вакили Марцин Красуски Ўзбекистонда Google Pay тўлов хизмати ишга туширилганини расман маълум қилди. Ушбу имконият жорий йилнинг март ойида шахсга доир маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш бўйича қатъий талабнинг бекор қилиниши ортидан юзага келди. Шу билан бирга, Марказий банк, тижорат банклари ҳамда Humo ва Uzcard тўлов тизимлари ҳамкорлигида яқин ойларда Apple Pay хизматини ҳам йўлга қўйиш бўйича техник интеграция ишлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid