
Ўзбекистонда етим болалар учун 500 долларлик депозитлар очилди
Янги йил муносабати билан Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ етим бола номига 500 долларлик депозит очилди ва ижтимоий карталар берилди.

Ўзбекистонда жорий йилги Янги йил тадбирлари доирасида 8 мингдан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар номига банк депозит ҳисоб рақамлари очилди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати маълум қилишича, ҳар бир бола учун давлат томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ жойлаштирилган.
Ушбу депозитлар 0 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларни қамраб олган бўлиб, маблағлар капитализация орқали йиллар давомида йиғилиб боради. Болалар 18 ёшга тўлгандан сўнг ушбу маблағлардан мустақил равишда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу амалиёт болаларнинг келажакдаги таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаётга тайёргарлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дастур маҳаллаларда яшовчи етим болалар, меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик болалар уйлари, SOS болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари, шунингдек Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини қамраб олди. Шу билан бирга, «Таскин» хосписи қошидаги болалар онкология шифохонасида даволанаётган ўғил-қизлар ҳам ушбу қўллаб-қувватлашдан четда қолмади.
Муҳим жиҳат шундаки, «Таскин» хосписида даволанаётган болалар учун очилган депозит ҳисоб рақамларидаги маблағлар қонуний вакилларининг мурожаати асосида исталган вақтда банк картасига ўтказиб берилиши мумкин. Бу эса даволаниш жараёнида қўшимча молиявий эҳтиёжларни қоплаш имконини яратади.
Депозитлар очилиши билан бир вақтда 9 ёшдан ошган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар ҳам тақдим этилди. Ушбу карталар орқали имтиёзли жамоат транспортидан фойдаланиш, товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, шахсни тасдиқлаш ҳамда ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқлаш мумкин. Барча операцияларни «Baraka» мобил иловаси орқали назорат қилиш имконияти мавжуд.





