Logo

Ўзбекистонда ёзги электр истеъмоли тарихий рекордни янгилади

Bugun 14:442 daqiqa

13-июл куни Ўзбекистонда бир суткалик электр энергияси истеъмоли 278,6 млн kWh'га етиб, ёзги мавсум учун янги рекорд ўрнатди. Энергетика вазирлиги жазирама сабаб яқин кунларда бу кўрсаткич яна ошиши мумкинлигини маълум қилди.

Ўзбекистонда ёзги электр истеъмоли тарихий рекордни янгилади © kapital.kz

Ўзбекистонда 13-июл куни ёзги мавсум учун электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекорд қайд этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, шу куни мамлакатда 281,5 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган. Суткалик истеъмол эса 278,6 млн kWh'ни ташкил этган. Бу ёзги мавсумда кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Янги натижа аввалги рекорддан 6 млн kWh'га ёки 2,2 фоизга юқори. Бунгача энг катта ёзги истеъмол 2025 йил 18-июл куни қайд этилган бўлиб, ўшанда бир суткада 272,6 млн kWh электр энергияси сарфланган эди.

Энергетика вазирлиги ҳаво ҳарорати юқори сақланиб қолаётгани сабаб яқин кунларда электр энергияси истеъмоли ва энергетика тизими юкламаси бўйича яна янги рекордлар қайд этилиши мумкинлигини билдирди.

Юқори юклама шароитида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида энергетика корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтказилган. Ҳудудларда махсус авария-таъмирлаш бригадалари навбатчилик асосида ишламоқда.

Уларнинг вазифаси электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган техник носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш ва таъминотдаги узилишларнинг давомийлигини минималлаштиришдан иборат.

Узилишлар кузатилиши мумкин

Энергетика вазирлиги айрим ҳудудларда электр тармоқларидаги техник носозликлар сабаб вақтинчалик электр узилишлари кузатилиши мумкинлигини маълум қилди.

Бундай ҳолатларда фуқаролар 1154 қисқа рақами, ҳудудий электр таъминоти корхоналари ёки маҳаллалардаги Telegram гуруҳлари орқали қўшимча маълумот олишлари мумкин.

Шунингдек, вазирлик аҳолини электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирди. Айниқса, энг юқори юклама соатларида зарур бўлмаган электр жиҳозларини ўчириб туриш электр тармоқларига тушадиган босимни камайтириши, таъминот барқарорлигини сақлаш ва эҳтимолий узилишларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги иссиқ кунларда Ўзбекистонда электр истеъмоли суткасига 280 млн kWh'га етиши мумкинлигини прогноз қилганди.

Teglar

Mavzuga oid