Ўзбекистонлик илк космонавт 2028 йилда фазога учирилиши мумкин
Ўзбекистонда илк миллий космонавтни саралаш ва тайёрлаш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилиб, танлов умумхалқ дастури шаклида ўтказилиши мумкин.
© sun'iy intelekt«Ўзбеккосмос» агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимовнинг маълум қилишича, парвоз 10–14 кун давом этади. Ҳозирда инсон иштирокидаги космик парвозларни амалга ошираётган уч давлат — АҚШ, Россия ва Хитой билан музокаралар олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур давлатлар ҳамкорликка тайёр эканини билдирган. Ўзбекистонлик космонавтнинг парвози илмий дастур асосида ташкил қилиниб, у фазодан муайян тадқиқот натижалари билан қайтиши режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш учун космонавтларни саралаш ва тайёрлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузилади. Танлов умумхалқ дастури шаклида ўтказилиши мумкин.
Номзодлар учун қуйидаги талаблар белгиланган:
Ёши 27 дан 40 ёшгача бўлиши;
Олий маълумотга эга бўлиши;
Бўйи 160 сантиметрдан 190 сантиметргача бўлиши;
Вазни 50 килограммдан 95 килограммгача бўлиши;
Хорижий тилларни билиши.
Режага кўра, қисқа муддатли космик парвоз доирасида тиббиёт, биология, генетика ва бошқа устувор соҳаларда илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида илк бор ўзбекистонлик космонавт космосга учирилиши ҳақида маълум қилган эди.
«Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик. Ўзбекистон космонавти бобомиз аниқлаган юлдузлардан хабар олиб келади. Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради деб ишонаман», — деди президент.
