Logo

Ўзбекистонликлар 15 сентябрдан Таиландга визасиз боролмайди

Bugun 20:172 daqiqa

Таиландга саёҳат қилувчи ўзбекистонликлар учун амалдаги 60 кунлик визасиз қолиш тартиби ўзгаради. Ҳукумат янги рўйхатни эълон қилди.

Ўзбекистонликлар 15 сентябрдан Таиландга визасиз боролмайди

Таиланд ҳукумати 92 та давлат, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари учун амал қилаётган 60 кунлик визасиз режимни ўзгартиради. Янги тартиб 15 сентябрдан кучга киради. Бу ҳақда «Bangkok Post» хабар берди.

Янги рўйхатда 60 та давлат бор, улар Таиландда 30 кунгача визасиз кира олади. Ўзбекистон мазкур рўйхатга киритилмаган.

«Royal Gazette»да эълон қилинган ҳужжатга кўра, ўзгариш Бош вазир ва ички ишлар вазири Анутин Чарнвиракул томонидан имзоланган.

Янги рўйхат

Янги 30 кунлик визасиз режим рўйхатига 60 та давлат киритилган. Улар орасида Австралия, Канада, Германия, Франция, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Украина, Буюк Британия, АҚШ ва Қирғизистон бор.

Марказий Осиё давлатлари орасида ушбу рўйхатдан фақат Қирғизистон ўрин олган. Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон янги визасиз рўйхатга киритилмаган.

Қуруқлик орқали кирадиган 60 давлат фуқаролари учун яна бир чеклов жорий этилади. Улар Таиландга бир йил давомида икки мартадан ортиқ қуруқлик чегаралари орқали визасиз кира олмайди.

Бироқ Малайзия, Бруней, Индонезия ва Сингапур фуқаролари каби айрим давлатлар учун истиснолар қўлланилиши мумкин.

Виза олиш тартиби

Таиланднинг янги қоидаларида Сейшел ва Маврикий фуқаролари учун 15 кунгача визасиз қолиш имконияти ҳам белгиланган.

Озарбойжон, Беларус ва Сербия фуқаролари эса Таиландга келганида чегара назорат пунктларида виза олиши мумкин бўлади.

Таиланд 2024 йил июлида визасиз қолиш муддатини 30 кундан 60 кунга оширган ва ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлган давлатлар сонини 93 тага етказган эди.

Бироқ ҳукумат узоқроқ визасиз қолиш тартибидан ноқонуний фаолият ва «виза-ран» амалиёти учун фойдаланиш ҳолатлари кўпайганини билдирган. Шу сабабли визасиз қолиш муддати яна 30 кунга қисқартирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid