Ўзбекистонликлар энди Беларусда 10 кун рўйхатдан ўтмасдан юришлари мумкин
Аввал икки давлат фуқаролари бир-бирининг ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан 3 кун давомида бўлишлари мумкин эди.
© Foto: president.uzЎзбекистон ва Беларус фуқароларининг икки давлат ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати 3 кундан 10 кунга узайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Амир Султонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тегишли ўзгартишлар икки давлат раҳбарлари иштирокида имзоланган Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённомада акс эттирилган.
«Бу, шубҳасиз, қариндошлар ва дўстларни йўқлаш, сайёҳлик ва ишбилармонлик ташрифларини сезиларли даражада қулайроқ қилади», — деди Амир Султонов.
Эслатиб ўтамиз, 9 июл куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтарди. Ушбу ташриф доирасида давлат раҳбарлари томонидан стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди ҳамда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, агросаноат, ижтимоий ҳимоя ва илмий-техник соҳаларни қамраб олувчи жами 16 та икки томонлама ҳужжат, жумладан, фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш бўйича баённома тасдиқланди.





