Ўзбекистонликлар энг кўп қайси мамлакатга сафар қилгани маълум бўлди
Январ ойидаги сафарларнинг асосий қисми қўшни давлатлар ва Саудия Арабистони ҳиссасига тўғри келади.

2026 йил январ ойида 589 647 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,2 минг нафарга ёки 6,9 фоизга кўпдир. Кўрсаткич аҳолининг қўшни давлатлар ва диний йўналишларга қизиқиши юқори эканини кўрсатмоқда.
Энг оммавий йўналиш
Энг оммавий йўналиш сифатида Қирғизистон етакчилик қилди. Ушбу давлатга 232 174 нафар ўзбекистонлик борган. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Тожикистон (98 659 нафар) ва Қозоғистон (88 012 нафар) эгаллади. Ушбу уч давлатга жами сафарлар улуши тахминан 71 фоизни ташкил этди.
Тўртинчи ўринда Саудия Арабистони қайд этилди. Январ ойида ушбу мамлакатга 62 655 нафар фуқаро йўл олган. Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Саудия Арабистони ҳиссасига умумий сафарларнинг қарийб 82 фоизи тўғри келгани таъкидланмоқда.
Қолган йўналишлар орасида Россия (32 291 нафар), Туркия (17 288 нафар) ва БАА (16 030 нафар) бор. Шунингдек, Таиланд (6 890 нафар), Хитой (6 117 нафар) ва Миср (4 585 нафар) ҳам топ-10 рўйхатидан жой олган.
Таҳлилларга кўра, қўшни давлатларга сафарлар нисбатан арзон ва қисқа муддатли бўлиши билан изоҳланади. Шу билан бирга, Саудия Арабистонига борганлар сонининг юқорилиги умра ва бошқа зиёрат сафарлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Статистика мамлакат аҳолисининг халқаро ҳаракатчанлиги ортиб бораётганини кўрсатади.


