Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида ботаника ва дендрология боғлари барпо этилади
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида яна 9 та ботаника ва 16 та дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистонда 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида майдони камида 100 гектар бўлган ботаника ва дендрология боғлари ташкил этилади. Бу ҳақда 23 март куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳада маълум қилинди.
Мазкур ташаббус «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида амалга оширилиб, мамлакатдаги яшил ҳудудлар улушини 2030 йилгача 14,2 фоиздан 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, PM2,5 ва PM10 зарарли заррачалар миқдорини 20–25 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳага кўра, ботаника боғлари маҳаллий ва хорижий ўсимликларни ўрганиш ва кўпайтиришга хизмат қилади. Дендрология боғлари эса дарахт ва буталарни иқлимга мослаштириш ва илмий асосда парваришлашга ихтисослашади. Ҳар бир ҳудудда ўсимлик турлари танланишида тупроқ ва иқлим шароити инобатга олинади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 3 та ботаника боғи мавжуд бўлиб, янги лойиҳа доирасида яна 12 та ботаника ва 16 та дендрология боғи ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса мамлакатда экологик барқарорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳар бир ҳудудда боғлар маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига мос равишда шакллантирилади. Улар таркибида оранжерея, кўчатхоналар, кўллар, сайр йўлаклари ва дам олиш ҳудудлари барпо этилиши режалаштирилган.
Тошкент Миллий дендрология боғи
Тошкент шаҳрида эса алоҳида 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи барпо этилади. Унда 50 минг туп дарахт ва 100 минг туп буталар экилиши режалаштирилган.
Янги боғ ҳудудида сунъий кўл, сакура боғи, «Дунё дарахтлари» коллекцияси, доривор ўсимликлар майдони, дам олиш ва велойўлаклар барпо этилади. Шу билан бирга, замонавий экологик технологиялар — қуёш панеллари ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинади.
Мутахассислар фикрича, ушбу боғлар шаҳарларда ҳаво ҳароратини 1,5–2 даражага пасайтириб, намликни оширади ва аҳоли учун қулай экомуҳит яратади.





