
Озиқ-овқат ишлаб чиқаришда қайси ҳудудлар етакчи?
Ўзбекистонда 2025 йилда озиқ-овқат саноати ҳажми кескин ошди. Ҳудудлар ўртасида сезиларли фарқ шаклланди.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда жами 128,6 триллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида энг катта ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 24 триллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу республика бўйича энг юқори натижа ҳисобланади.
Иккинчи ўринда Самарқанд вилояти қайд этилди. Ҳудудда 17,3 триллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Учинчи йирик ҳудуд эса Тошкент вилояти бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш ҳажми 17,2 триллион сўмни ташкил этган.
Ўрта кўрсаткичларга эга ҳудудлар қаторига Бухоро вилояти (9,6 трлн сўм), Фарғона вилояти (9,4 трлн сўм) ва Қашқадарё вилояти (9 трлн сўм) киради. Ушбу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги хомашёсига яқинлик ишлаб чиқариш ҳажмига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Қолган ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажмлари нисбатан пастроқ қайд этилди. Хусусан, Андижон вилоятида 7,6 триллион сўм, Наманган вилоятида 6,8 триллион сўм, Навоий вилоятида 6,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 5,8 триллион сўмни ташкил этган. Энг паст натижалар Сурхондарё вилояти (2,8 трлн сўм) ва Жиззах вилояти (2,9 трлн сўм) ҳиссасига тўғри келди.

