Париж келишуви пучга чиқдими? БМТ глобал исишнинг ҳалокатли оқибатларидан огоҳлантирди
Гутерриш глобал исишнинг ҳалокатли оқибатлари — тошқинлар, жазирама ва ўрмон ёнғинлари аллақачон дунё бўйлаб инсонлар ўлимига ва иқтисодиётнинг издан чиқишига сабаб бўлаётганини айтди.

Ер сайёрасида глобал исиш даражаси жорий аср охирига келиб 2,8 даражага етиши мумкин. Бу ҳақда БМТ Атроф-муҳит дастурининг (UNEP) янги ҳисоботида маълум қилинди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, 2015 йилги Париж келишувида белгиланган 1,5 даражалик исиш чегарасидан ўтиб кетишнинг олдини олиш энди имконсиз.
«Бунинг оқибатлари аллақачон ҳалокатли тус олмоқда: ҳалокатли тошқинлар, шафқатсиз жазирама иссиқликлар, ўрмон ёнғинлари, одамларнинг қурбон бўлиши, фалаж бўлган иқтисодиёт ва кучайиб бораётган тенгсизлик. Бундан энг кам айбдор бўлганлар биринчи бўлиб ва энг кўп азият чекмоқда», — деди Гутерриш. Унинг сўзларига кўра, эндиликда асосий мақсад ушбу чегарадан ўтиш миқдорини иложи борича паст даражада сақлаб қолишдир.
Ташкилот ҳисоботига кўра, исиш даражасини аср ўрталаригача 1,7–1,8 даражада ушлаб туриш учун глобал иссиқхона газлари ташламалари 2035 йилга қадар ҳар йили 6 фоизга камайиши керак. Бироқ кўмир, нефт ва газдан фойдаланиш оқибатида чиқиндилар миқдори ҳамон ўсишда давом этмоқда. БМТ Атроф-муҳит дастури раҳбари Ингер Андерсоннинг айтишича, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланиши чиқиндиларни камайтириш мумкинлигини исботламоқда, бироқ ҳукуматлар томонидан берилган энг амбицияли ваъдалар бажарилган тақдирда ҳам, глобал исишни фақат 2,1 даражагача чеклаш мумкин.





