Тошкент ҳавоси 21 октябрга ўтар кечаси ёмонлашиши мумкин
Экоқўмита прогнозларига кўра, кечқурун атмосфера таркибидаги PM2.5 ва PM10 майда заррачалари миқдори кескин ортади.

Тошкент шаҳрида 21 октябрга ўтар кечаси ва тонг вақтида атмосфера ҳавоси таркибида ифлослантирувчи моддалар миқдори ортиб, экологик вазият ёмонлашади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қўмита прогнозларига кўра, кечқурун атмосфера таркибидаги PM2.5 ва PM10 майда заррачалари миқдори кескин ортади. Бунинг оқибатида тунда ва тонгда пойтахт ҳавосининг сифати халқаро AQI индекси бўйича «сезгир гуруҳлар учун ноқулай», миллий индекс бўйича эса «сариқ» даражада бўлиши кутилмоқда.
Ифлосланиш сабаблари ва вазиятнинг барқарорлашиши
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво сифатининг бундай ўзгаришига табиий иқлим омиллари сабаб бўлади.
Хусусан, тунда ҳаво ҳароратининг 9 °C атрофида пасайиши, кучсиз шамол ва кучли ҳарорат инверсияси атмосферада ҳаво алмашинуви жараёнини чеклаб қўяди. Натижада ифлослантирувчи майда моддалар тарқалиб кетмасдан, ер юзасига яқин қатламда тўпланиб қолади.
Шунингдек, хабарда таъкидланишича, айни дамда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониринг қилиб борилмоқда. Жумладан, 20 октябрь куни Тошкент шаҳрида ҳаво сифати халқаро AQI бўйича «ўртача» — «сезгир гуруҳлар учун ноқулай» даражада кузатилган.
21 октябр эрталаб ҳарорат инверсияси заифлашиши билан ҳаво сифатининг аста-секин яхшиланиши ва халқаро индекс бўйича яна «ўртача» даражага қайтиши прогноз қилинмоқда.





