Пентагоннинг Эрон билан урушга сарфлаган харажатлари ошди
Август ойининг бошларига келиб, Теҳрон билан жанговар ҳаракатлар АҚШ учун тахминан 38 млрд долларга тушган эди. Уруш Вашингтонга фақат молиявий жиҳатдан оғирлик қилмади. Бу вақт давомида АҚШнинг қурол-яроғ захиралари ҳам сезиларли даражада камайди.

Пентагон маълумотларига кўра, АҚШнинг Эрон билан олиб борган ҳарбий можароси 45,1 миллиард долларга тушган. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларнинг айтишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Конгрессга уруш билан боғлиқ ҳарбий харажатлар 3-сентябрь ҳолатига кўра 43,6 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилган. Бундан ташқари, қўшимча ёнилғи учун яна 1,5 миллиард доллар сарфланган.
Нашрнинг таъкидлашича, бу рақам урушнинг барча харажатларини тўлиқ акс эттирмайди. Чунки унда зарар кўрган ҳарбий базалар ва биноларни таъмирлаш харажатлари ҳисобга олинмаган. Телеканал манбаларидан бирининг айтишича, Пентагон Конгресс талаб қилган ҳарбий операцияларнинг билвосита харажатлари бўйича ҳам батафсил маълумот тақдим этмаган.
АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси ҳисоботига кўра, август ойининг бошларига келиб, Эрон билан жанговар ҳаракатлар Пентагон учун тахминан 38 миллиард долларга тушган эди. Демак, бир ой ичида харажатлар қарийб 7 миллиард долларга ошган.
Июл ойида «The Washington Post» газетаси Пентагон Эрон билан уруш фонида маблағ етишмовчилигига дуч келгани ҳақида ёзган эди. Шу сабабли Оқ уй Конгрессдан ҳарбий харажатларни қоплаш учун 67 миллиард долларни зудлик билан ажратишни сўраган. Газета маълумотига кўра, агар маблағ ажратилмаса, ҳарбийлар бошқа харажатларни қисқартиришига тўғри келиши мумкин эди.
Кейинчалик АҚШ Вакиллар палатаси 1,15 триллион долларлик мудофаа бюджетини маъқуллади. Ушбу ҳужжатда Пентагон ва махсус хизматлар учун қўшимча 73 миллиард доллар ҳам кўзда тутилган. Бу маблағнинг асосий қисми Эрон билан уруш билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган.
Бироқ уруш АҚШга фақат молиявий жиҳатдан оғирлик қилмаган. Жанговар ҳаракатлар давомида АҚШнинг қурол-яроғ захиралари ҳам сезиларли даражада камайган.
CNN август ойининг бошида хабар беришича, беш ойлик жанговар ҳаракатлар давомида АҚШ THAAD ракетага қарши мудофаа тизими учун мўлжалланган тутиб қолувчи ракеталар захирасининг қарийб 80 фоизини ва Patriot ракеталарининг қарийб ярмини ишлатиб юборган. «Reuters» эса АҚШ ATACMS ва Precision Strike Missile ракеталарининг захирасини деярли тўлиқ сарфлагани, шунингдек, дунёдаги Tomahawk ракеталари захирасининг қарийб ярми ишлатилганини ёзган.
Маълумот учун, Трамп Эрон билан урушни 2001-йил 11-сентябр терактларидан кейин АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга бостириб кириши билан боғлиқ урушлардан мунтазам равишда фарқлаб келади. «Reuters» хабарига кўра, АҚШнинг Ироқдаги саккиз йил давом этган уруши 2 триллион долларга, Афғонистондаги 20 йиллик уруш эса 2,3 триллион долларга тушган.





