Президент дори ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар берди
Янги фармонга мувафиқ, 2026 йил 1 июндан бошлаб солиқдан кичик қарздорлиги мавжуд корхоналарга ҳам, истисно тариқасида, давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади.

Ўзбекистон Президентининг «Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 триллион сўмга етказиш стратегик мақсад этиб белгиланди.
Шу билан бирга, қуйидагилар ҳам 2026 йилда фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
• ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 триллион сўмга етказиш;
• қиймати 1 миллиард АҚШ доллари бўлган истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш;
• 800 миллион АҚШ долларлик янги инвестиция лойиҳаларини бошлаш;
• маҳсулот ва хизматлар экспортини 300 миллион АҚШ долларига етказиш;
• 350 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;
• “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудини кенгайтириш орқали минтақадаги биотехнология ва фармацевтика илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш хаби – “BioPharma City”га айлантириш.
Тармоқ корхоналарини қўллаб-қувватлаш чоралари
Шунингдек, фармацевтика тармоғида рақобатбардош ва сифатли фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида оригинал дори воситаларининг патент муддати тугагандан сўнг 1 йил ичида ушбу дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ишлаб чиқарувчиларга “технологиялар трансфери” харажатларининг 50 фоизи, бироқ 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми ёки маҳсулотни яратишдаги илмий тадқиқот харажатларининг 50 фоизи, бироқ 100 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификатига эга бўлган корхоналарга уларнинг ишлаб чиқариш линияларида ушбу сертификат амал қилиш муддати даврида белгиланган тартиб ва қоидалар асосида биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
2026 йил 1 июндан бошлаб қуйидагилар Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади:
• дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга EU GMP, US FDA GMP расмий сертификатларини жорий қилишда, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификациясини олишда хорижий консалтинг хизматлари ҳамда EU GMP, US FDA GMP сертификатлари учун харажатларнинг 50 фоизи, лекин 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми;
• илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари томонидан яратилган Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларга ушбу дори воситаларини саноат миқёсида ишлаб чиқариб, реализация қилгандан сўнг рўйхатдан ўтказиш, клиник синов ва биоэквивалентлик тадқиқотлари харажатларининг 80 фоизи, лекин 8 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
• мазкур Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ юқори технологияли дори воситаларини ишлаб чиқаришга қаратилган янги инвестиция лойиҳаларини 3 йил муддатда фойдаланишга топшириб, саноат миқёсида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 2 йил муддатга лойиҳа доирасида жалб қилинган кредитлар бўйича кредит фоиз харажатлари Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда компенсация қилиб берилади:
• фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миллий валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, лекин 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
• хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 4 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда.
Нималар ўзгаради?
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан бошлаб фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга, истисно тариқасида, Солиқ қўмитаси ахборот дастури орқали операторларга тақдим этиладиган маълумотга кўра солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда қарздорлик мавжуд бўлганда, қарздорлик суммаси ушбу миқдордан юқори бўлган ҳолатларда эса қарздорлик шаклланган кундан бошлаб ўн кун муддатда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади.
2026 йил 1 сентябрга қадар маҳаллийлаштириш даражасидан қатъи назар, белгиланган тартибда маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган фармацевтика ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга электрон кооперация портали, ишлаб чиқарувчилар экотизими, маҳаллий аукцион савдолари ва “миллий дўкон”да ушбу маҳсулотларни реализация қилишга рухсат берилади.
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги икки ой муддатда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мазкур Фармоннинг 4-бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Имтиёзлар
Ҳужжатга кўра, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ёки уларни қайта ишлашга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари 2040 йилга қадар инвестиция лойиҳалари бошланган санадан эътиборан 3 йил муддатга инвестиция лойиҳалари амалга ошириладиган ер участкалари бўйича ер солиғи, инвестиция лойиҳалари фойдаланишга қабул қилинган кундан бошлаб 3 йил муддатга инвестиция лойиҳалари доирасида фойда солиғи ҳамда қурилган кўчмас мулк объектлари бўйича мол-мулк солиғидан озод этилади.
Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширмаётган норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқаришда қўлланадиган технологиялар трансфери ва бренд номи учун роялти кўринишида олинадиган даромадлари бўйича, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фойда солиғи ставкаси 2030 йил 1 январга қадар 5 фоиз миқдорида қўлланади.
Мазкур солиқ имтиёзлари ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини реализация қилишдан ёки доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ёхуд уларни қайта ишлашдан олинган даромадлар улуши солиқ тўловчининг жами даромади умумий ҳажмида камида 60 фоизни ташкил этганда қўлланилади.
Бунда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан солиқ органларига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланган сана ва уни фойдаланишга топшириш санаси тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиб борилади.





