Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Белгияга борди

24.10.2025 | 09:582 daqiqa

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Белгия пойтахти Брюсселга етиб борди. Ташриф Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Белгияга борди

Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябр куни расмий ташриф билан Брюссел шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди. Давлат раҳбари ва унинг рафиқасини Белгия пойтахтининг халқаро аэропортида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуард Стипрайс ҳамда бир қатор расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, у Белгия қироли Филипп билан учрашувда ҳам иштирок этади.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини янада мустаҳкамлайди.

Президент ташрифи доирасида Европа давлатларининг йирик компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан давра суҳбати ҳам режалаштирилган. Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳити ва «яшил иқтисодиёт» йўналишидаги истиқболлар муҳокама этилади.

Шунингдек, ташриф кун тартибидан «Ўрта коридор» — Транс-Каспий йўналиши, транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалалари ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бу йўналиш Европа билан Марказий Осиё ўртасидаги боғланишни кучайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан 23-24 октябр кунлари расмий ташриф билан Брюссел шаҳрида бўлади.

Teglar

Mavzuga oid