Logo

Президент Тошкент халқаро молия маркази ҳақидаги қонунни имзолади

Bugun 14:332 daqiqa

Конституциявий қонун имзоланиши билан Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми расман мустаҳкамланди. Энди у Англия ҳуқуқи асосида фаолият юритади.

Президент Тошкент халқаро молия маркази ҳақидаги қонунни имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев 10-июл куни «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.

Мирзиёеванинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий янгиликларидан бири ҳамда қарийб ўн йил давомида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий натижаси ҳисобланади. Шу билан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш Конституциявий қонун даражасида мустаҳкамланди.

Марказ Англия ҳуқуқи асосида, алоҳида ҳуқуқий мақомга эга ҳудуд сифатида ишлайди. Унда махсус тартибга солиш тизими, мустақил тижорат суди ва халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий муҳит жорий этилади.

«Глобал инвесторлар, банклар, инвестиция фондлари ва халқаро молия компаниялари айнан мана шундай шаффоф механизмлар билан ишлашга ўрганган. Мазкур янги регуляторлик экотизими халқаро капитал, замонавий молия хизматлари ва йирик трансмиллий лойиҳалар учун мамлакатимизнинг жозибадорлигини ошириши кутилмоқда», — дейди Саида Мирзиёева.

У «ушбу қонун жаҳон бозорининг энг қимматли активи — ишончга инвестиция» эканини таъкидлади.

«Тошкент инвесторлар учун тушунарли қоидаларни ҳамда капиталнинг энг юқори даражадаги ҳимоясини кафолатлаган ҳолда, жаҳон молия тизимининг узвий қисмига ва бутун минтақа иқтисодий ривожининг етакчи драйверига айланиш сари дадил қадам ташламоқда», — дея қўшимча қилди Мирзиёева.

Қонун ҳақида

Конституциявий қонунга мувофиқ, марказ ҳудудида Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқи ҳамда адолат тамойиллари тўғридан-тўғри қўлланилади. Шунингдек, биринчи инстанция ва апелляция босқичларидан иборат мустақил халқаро тижорат суди фаолият юритади.

Марказ бошқарув органлари фуқаролик, корпоратив, тижорат, банк, солиқ, меҳнат ҳуқуқи, давлат харидлари ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳалари бўйича норматив ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлади.

ТХММ иштирокчилари чет эл фуқароларини ишлашга рухсатномасиз ёллаши, айрим ҳисоб-китобларни хорижий валюта ёки криптоактивларда амалга ошириши мумкин. Шунингдек, иштирокчилар ва уларнинг оила аъзолари учун беш йилгача муддатли махсус кириш визаси тартиби жорий этилади.

Қонуннинг қабул қилиниши


Март ойида Шавкат Мирзиёев инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритувчи Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Шундан сўнг, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2-июн куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга юборилган эди. Сенаторлар инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро тижорат судининг ваколатлари ҳамда айрим ҳуқуқий нормаларни аниқлаштириш зарурлигини билдириб, ҳужжатни қайта ишлаш учун қайтарган.

Келишув комиссияси иштирокида қайта ишланган қонун 9-июл куни Сенат томонидан маъқулланди. Орадан бир кун ўтиб, президент уни имзолади.

Teglar

Mavzuga oid