Прокуратура ходими пора билан қўлга тушди

02.03.2026 | 13:491 daqiqa

Тошкент вилояти прокуратураси ходими 9 минг доллар олаётганда ашёвий далиллар билан ушланди.

Прокуратура ходими пора билан қўлга тушди

Тошкент вилояти прокуратурасининг девонхона нозирига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У якка тартибдаги тадбиркорга тегишли савдо дўконида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича аниқланган 276 млн сўмлик жаримани бекор қилдиришни ваъда қилган.

Маълумотларга кўра, мансабдор шахс жаримани ваколатли танишлари орқали бартараф этиб бериш ва тадбиркорга нисбатан чора кўрилмаслигини таъминлаш эвазига 9 минг АҚШ доллари талаб қилган. У пул маблағини Наманган шаҳрида олиб келишни сўраган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахс Наманган вилоятида 9 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Учтепа туманида прокурор ёрдамчиси тадбиркордан ижарага ер олиб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган эди.

Teglar

Mavzuga oid