«Пушкин» бекатидан ТТЗгача бўлган метро йўналишининг қурилиш санаси айтилди
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов пойтахт метрополитенини ривожлантиришга бағишланган йиғилиш якунлари бўйича тасдиқланган президент қарори лойиҳаси ҳақида гапирди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг маълум қилишича, «Пушкин» бекатидан «ТТЗ» (Тошкент трактор заводи) мавзесигача бўлган йўналишда лойиҳавий ва тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Spot» нашри хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, сўнгги етти йилда иккита ер ости бекати ва иккита ер усти метро линияси қурилиши ҳисобига Тошкент метрополитенининг узунлиги икки бараварга ошди. Бундан ташқари, қурилиши 1970-йилларда бошланган метрополитеннинг эски қисмини тўлиқ реконструкция қилиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинган.
«Бундан ташқари, президентимиз келажакда Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича йўналишларни тайёрлаш, лойиҳавий ишларни тайёрлаб бориш бўйича топшириқ берди. Тайёргарлик кўриб, лойиҳа институтлари билан биз кенгайтириш режаларини амалга ошириб келяпмиз. Пушкин бекатидан ТТЗ (собиқ Тошкент трактор заводи — таҳр.) йўналишида метрополитен қурилиши бўйича топшириқ ҳам берганлар, унга тайёргарлик ва лойиҳавий ишларни амалга оширяпмиз», — деди Маҳкамов.
Унинг таъкидлашича, лойиҳа кўчалар, яшил ҳудудлар ва йўловчи оқими нуқтаи назаридан батафсил ўрганилган. Уни ишлаб чиқишга халқаро маслаҳатчилар, метро соҳаси мутахассислари ва тегишли идоралар экспертлари жалб этилган.
«Лойиҳа Пушкин (Салар) метро бекатидан ТТЗгача метро линиясини ётқизишни назарда тутади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ТТЗни йирик транспорт ҳабига айлантириш, Ғазалкент, Чирчиқ йўналишларида қатновчи йўловчилар оқимини яхшилаш имконини беради. Ахир бу кунига 150 минг киши дегани. Мазкур лойиҳа пойтахтнинг транспорт артерияларини енгиллаштиришга хизмат қилади», — деди вазир.
Маҳкамовга кўра, лойиҳа бўйича қурилиш ишларини 15 июндан бошлаш топширилган.
«Қурилишга халқаро тажрибага эга пудратчи ташкилотларни жалб этиш вазифаси юкланди. Биз ушбу лойиҳани 2026 йил охиригача якунлашни мақсад қилиб қўйганмиз», — деди Илҳом Маҳкамов.
Лойиҳа ҳақида
Сўнгги етти йил ичида Тошкент метрополитени иккита янги йер усти ва иккита ер ости бекати ҳисобига кенгайиб, унинг умумий узунлиги икки бараварга ошди. Ҳозирда ҳукумат олдида метронинг жамоат транспорти тизимидаги улушини 50 фоиздан ошириш вазифаси турибди; шу билан бирга, 1970-йилларда қурилган эски бекатларни тўлиқ модернизация қилиш бўйича уч йиллик махсус дастур амалга оширилмоқда.
Янги «Пушкин — ТТЗ» йўналиши 10,8 км узунликка эга бўлиб, у 10 та янги бекат орқали 30 та маҳаллани ва 148 минг нафар аҳолини қамраб олиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг асосий стратегик аҳамияти шундаки, у ТТЗ мавзесини йирик транспорт ҳабига айлантиради ва ҳар куни Чирчиқ, Қибрай ва Ғазалкентдан пойтахтга келувчи 140-150 минг нафар йўловчи оқимини оптималлаштиришга хизмат қилади. Лойиҳанинг қурилиш ишлари жорий йилнинг 15 июнидан бошланиши ва 2026 йил якунига қадар якунланиши белгиланган.





