«Путин қасри» қурилишидан қолган 6,5 млрд рубл «қайтим» Алина Кабаевага ўтказиб берилган — Навалний жамоаси суриштируви

26.02.2026 | 21:212 daqiqa

Бу маблағлар хайрия ниқоби остида қимматбаҳо соатлар харид қилиш ва президентнинг фарзандлари учун махсус «ёпиқ» йиғинлар ташкил этишга сарфлангани айтилмоқда.

«Путин қасри» қурилишидан қолган 6,5 млрд рубл «қайтим» Алина Кабаевага ўтказиб берилган — Навалний жамоаси суриштируви

Геленджикдаги «Путин саройи» қурилиши тугагач, ишларни молиялаштириш билан шуғулланган компания ҳисобида 6,5 миллиард рубл ортиб қолган. Банк транзакцияларини ўрганган Навалний жамоасининг суриштирувида таъкидланишича, ушбу пуллар Алина Кабаевага ўтказиб берилган.

Схема қандай ишлаган?

Навалний жамоаси эслатишича, Геленджикдаги «Путин саройи» компаниялар занжири орқали «Инвестиционные решения» фирмасига тегишли. Унинг акциядорлари — Путиннинг уч нафар қадимий дўсти: юрист Николай Егоров, тадбиркор Илгам Рагимов ва собиқ курсдош Виктор Хмарин. Бу компания Британия Виргин оролларидаги офшорлардан қарзлар олган ва пулларни кейинги занжир орқали сарой қурилишига йўналтирган.

Барча ишлар 2023 йилга келиб тугагач, «Инвестиционные решения» ҳисобларида 6,5 миллиард рубл қолди. Бу маблағнинг бир қисми — 3 миллиард рубл — Алина Кабаева жамғармасига хайрия қилинган. Шу билан бирга, Навалний жамоаси таъкидлашича, жамғарма ҳисоботларида мос миқдордаги харажатлар йўқ. У пулларни спортчи қизларни қўллаб-қувватлаш, «Алина» бадиий гимнастика фестивали ва Қримдаги ибодатхона реконструкциясига сарфлаган, аммо гап миллиардлар эмас, ўнлаб миллионлар ҳақида кетган. Навалний жамоаси асосий маблағни Кабаева депозитга жойлаштирган ва ундан фоиз олиб келаётганини айтмоқда.

Саройдан қолган маблағнинг яна бир қисми (3,5 миллиард рубл) Кабаеванинг яна бир жамғармаси — «Небесная грация»га ўтказилган, у шу номли бадиий гимнастика турнирини ўтказади. Текширувчилар жамғарма харажатлари орасида Император Петергоф фабрикаси маҳсулотлари учун 30 миллион рублдан зиёд сарф-харажатни аниқлаган, бу фабрика қиммат соатлар ишлаб чиқаради. Бундай соатлар Владимир Путинда ҳам бор — камида икки модел.

Бундан ташқари, Алина Кабаева жамғармаси олган пуллар Валдайда — Путин резиденциясидан бир ярим километр узоқликда ўтказилган спорт гимнастикаси йиғинларини ташкил этишга сарфланган.

«Бу йиғинларнинг мақсади битта эди — Путин ва Кабаеванинг резиденцияда деярли чиқмай яшайдиган болаларини тенгдошлари билан мулоқот орқали кўнглини очиш», — дейди текширувчи Георгий Албуров. Навалний жамоаси видеосида йиғинлар ёққанини айтаётган бола ҳам кўрсатилади — у Путиннинг ўғли Иван экани таъкидланади.

Ҳозирда «Небесная грация» фонди маблағларининг катта қисми депозитларда сақланмоқда. 2024 йилнинг ўзида фонд банк фоизлари сифатида 435 миллион рубл даромад кўрган. Навалний жамоаси Кабаеванинг ушбу жамғармаларини Путиннинг дўстлари томонидан «хайрия ниқоби остида шахсий харидлар ва кўнгилочар мақсадлар учун пул ўтказиладиган махсус ҳамёнлар» деб атамоқда.

Teglar

Mavzuga oid