Қамчибек Ташиев Қирғизистонни тарк этди

17.02.2026 | 12:093 daqiqa

Мамлакатдан чиқиб кетиш вақтинчалик характерга эга экани айтилмоқда.

Қамчибек Ташиев Қирғизистонни тарк этди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев вақтинча Қирғизистон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда «Регион» телеканали директори Ўткурбек Раҳмонов маълум қилди.

Раҳмоновнинг сўзларига кўра, чиқиб кетиш вақтинчалик характерга эга. Эълон қилинган видеода сафарнинг мақсадлари ва хорижда бўлиш муддатлари ҳақида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Аввалроқ жамоатчилик майдонида Қамчибек Ташиев билан боғлиқ кадрлар масаласи фаол муҳокама қилинган эди. Шу фон ортида унинг кейинги режаларига оид турли тахминлар ҳам пайдо бўлган.

Айни пайтгача давлат органлари томонидан мазкур чиқиб кетиш бўйича расмий изоҳлар берилмади.

МХДҚдаги «тозалаш» ва янги тайинловлар

Қамчибек Ташиев 10 феврал куни вазифасидан озод этилди. Шунингдек, унинг уч нафар ўринбосари — Курванбек Авазов, Даниэл Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам ишдан олинди. Максус хизмат раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумгалбек Шабданбеков тайинланди.

Президент Садир Жапаров воқеалар фонида берган интервюсида Ташиев тайинлаган вазирлар ва унинг яқинларини ишдан бўшатиш бошлагани, баъзилари эса ўз хоҳишига кўра кетаётгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Ҳаммага хотиржам ишлашни айтдим. Ўз хоҳиши билан кетаётганлар — марҳамат. Барча вазирликларни ўғрилик факти бўйича текширяпмиз, топилса, жазога тортилади. Мен ҳар доим вазирларни қариндошлар ва дўстларни ишга олманг, деб огоҳлантирганман. Яқинларимдан ҳеч бири юқори давлат лавозимини эгалламаган», – деди у.

Жапаров давлат бошқаруви куч билан эмас, ақл билан амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатда давлат тузилмалари фаолияти шахсан назорат қилинади ва юзага келаётган муаммоларга тезкор чора кўрилмоқда. Президент барча ислоҳотлар қонун доирасида амалга оширилишини қўшимча қилди. Унинг айтишича, вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар асоссиз бўлиб, мамлакатда барқарорлик сақланмоқда.

«75 кишининг мактуби» ва тартибсизликларга уриниш

Ички ишлар вазирлиги оммавий тартибсизликлар ташкил этишда гумонлаб Бекболот Талгарбеков, Курманбек Дийканбаев, Эмил Узакбаев, Курсан Асанов ва Аали Карашевни қўлга олган . Улар «75 кишининг мактуби» деб аталган ҳужжатга имзо чеккан шахслар ҳисобланади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумотига кўра, қўлга олинганлар фуқаролар гуруҳини шакллантириш, муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш ҳақида мурожаат тайёрлаш ва аҳоли орасида ёлғон маълумотлар тарқатишга уринган.

Жапаров Ташиев лавозимдан кетганидан сўнг, у билан шахсан учрашган

«Биз дўст бўлиб қоламиз. Аммо у давлат хизматига қайтмайди. У дам олиши ва соғлиғини тиклаши керак. Атрофини тозаласин, «оқсоқоллар ва кўксоқоллар»дан халос бўлсин.

Тергов хизматлари ҳаммасини аниқлаб, тозалаб беради. Албатта, ҳозир у раҳмат демайди, хафа бўлади. Аммо йиллар ўтиб, «Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан», деб миннатдорлик билдиради», — деди президент. Шу билан бирга, у бу қарор ҳеч қандай ташқи босим ёки келишувлар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, барча кадрлар бўйича қарорлар мустақил қабул қилинган. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини билдирди. Давлат раҳбари мамлакатда сиёсий беқарорлик ёки навбатдан ташқари сайловлар учун асос йўқлигини қайд этди.

Teglar

Mavzuga oid