
Қатар ўзбекистонлик жарроҳларга «олтин виза» таклиф қилмоқда
Қатар ўзбекистонлик малакали мутахассисларни, айниқса жарроҳларни ишга жалб этиш тартибини янада соддалаштиришни режалаштирмоқда.

Қатар давлати ўзбекистонлик юқори малакали кадрларни, жумладан, жарроҳ мутахассисларни жалб қилиш учун Golden Visa («олтин виза») тақдим этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Масала Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинган, деб хабар қилмоқда Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев Қатарнинг Jusour рекрутинг компанияси бош директори Абдулҳади Бахит Баркан билан учрашув ўтказди. Томонлар йил бошида имзоланган келишув ижроси доирасида Ўзбекистондан Қатарга малакали кадрларни жалб қилиш жараёнларини янада соддалаштириш масалаларини кўриб чиқди.
Учрашувда Қатар меҳнат бозорида айрим соҳаларга талаб юқори экани таъкидланди. Хусусан, ҳамширалик, қурилиш, ахборот технологиялари ва телекоммуникация йўналишларида кадрларга эҳтиёж катта экани қайд этилди. Шу билан бирга, жарроҳ мутахассислар учун алоҳида имтиёз сифатида Golden Visa тақдим этиш режаси билдирилди.
Музокаралар давомида Қатарнинг Tawzeef рақамли ишга жойлаштириш платформасини Ўзбекистон Миграция агентлигининг xorijdaish.uz платформаси билан интеграция қилиш имконияти ҳам муҳокама қилинди. Бу орқали номзодлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада тезлаштириш кўзда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилда Tawzeef платформасида Duty Free савдо тармоғи ҳамда Qatar Airways компаниясидаги бўш иш ўринлари бўйича эълонлар жойлаштирилган. Ўзбекистон томонидан тавсия этилган номзодларнинг резюмелари ушбу платформага юкланган ва иш берувчилар танловидан ўтган мутахассислар ҳозир суҳбат босқичига ўтган.
Қатар томони Миграция агентлигининг мутахассисларни хорижда ишлашга тайёрлаш бўйича тажрибасини юқори баҳолаб, ушбу ёндашув Қатар меҳнат бозори учун ҳам самарали бўлишини таъкидлади.





