Қирғизистон амалдорлари учун чет элда ҳисоб рақам очиш тақиқланди

17.02.2026 | 14:552 daqiqa

Янги қонун давлат хизматчиларининг молиявий шаффофлигини ошириш ва коррупция хавфини кескин камайтиришни мақсад қилади.

Қирғизистон амалдорлари учун чет элда ҳисоб рақам очиш тақиқланди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади ва унга мувофиқ давлат амалдорларига хорижий банкларда ҳисоб рақам очиш ҳамда уларга эгалик қилиш тақиқланди. Ҳужжат расман эълон қилинган 17 февралдан 10 кун ўтиб кучга киради.

Қонун коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича давлат сиёсатини тизимлаштиради. Унда «коррупциоген омил», «коррупция хавфи», «коррупцияга қарши экспертиза», «коррупцияга қарши стандартлар» каби тушунчаларга расмий таъриф берилди. Шунингдек, аффилланган шахслар, яқин қариндошлар ва қуда-андачилик алоқаларига оид нормалар аниқлаштирилди.

Коррупцияни олдини олиш органи вазифалари

Қонун даражасида илк бор коррупциянинг олдини олиш бўйича ваколатли давлат органи белгиланди. У коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилади, қабул қилинган чоралар самарадорлигини баҳолайди ва ҳар йили мамлакатдаги коррупция ҳолати юзасидан ҳисобот эълон қилади.

Молиявий назорат талаблари ҳам кучайтирилди. Қонун доирасига кирувчи шахслар ўз акция ва улушларини ишончли бошқарувга топшириши, даромад ва харажатлари, мол-мулки, жумладан хориждаги ҳисобварақ ва компанияларини декларация қилиши шарт. Солиқ органлари молиявий разведка билан биргаликда харажатларнинг расмий даромадларга мослигини таҳлил қилади. Ноқонуний бойиш аломатлари аниқланса, материаллар прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Давлат ва маҳаллий хизматчиларга қариндошлар бизнесига кўмаклашиш тақиқланди

Давлат ва маҳаллий хизматчиларга қариндошлар бизнесига кўмаклашиш, аффилланган компаниялар билан битимларда иштирок этиш, хизмат ресурсларидан шахсий мақсадларда фойдаланиш ҳамда қиммати белгиланган протокол совғаларидан ташқари мукофот ва совғалар олиш тақиқланди. Коррупция ҳақида хабар берган шахсларнинг ҳимояси ҳам кучайтирилмоқда.

Қонун, шунингдек, коррупциявий хавфларни мажбурий таҳлил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва коррупцияга оид жиноятлар ягона реестрини юритишни назарда тутади. Вазирлар Маҳкамасига олти ой ичида ўз ҳужжатларини ушбу қонунга мувофиқлаштириш топширилди.

Teglar

Mavzuga oid