Logo

Қирғизистонда бензин нархи 9 фоизга ошди

Bugun 12:552 daqiqa

Аммо нархлар Ўзбекистондагига қараганда пастлигича қолмоқда. Асосий турдаги ёқилғи нархлари Қозоғистон, Россия ва Беларусдагидан юқори бўлди.

Қирғизистонда бензин нархи 9 фоизга ошди © vaqt.uz

Қирғизистонда асосий турдаги ёқилғи нархлари Қозоғистон, Россия ва Беларусдагидан юқори экани маълум бўлди. Шу билан бирга, республикада бензин ва дизель Арманистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистондагига қараганда арзонроқ. Бу ҳақдаги маълумотларни 4-август ҳолатига кўра Қирғизистон Монополияга қарши тартибга солиш хизмати тақдим этди.

Қирғизистон бўйича таққослашда Бишкек шаҳридаги нархлар асос қилиб олинган. Бишкекда АИ-92 маркали бензиннинг бир литри 86,9 сом (0,99 доллар) туради. Бу Қозоғистондагидан 40,1 сомга, Россиядагидан 8,6 сомга ва Беларусдагидан 8,4 сомга қимматроқ. Шу билан бирга, ушбу маркадаги бензин Қирғизистонда Арманистон, Тожикистон ва Ўзбекистондагига қараганда арзонроқ.

АИ-95 бўйича ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Бишкекда унинг нархи бир литр учун 109,9 сомни (1,26 доллар) ташкил этади. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсаткич 0,69 доллар, Россияда 0,98 доллар, Беларусда эса 0,93 доллар. Арманистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда эса ушбу маркадаги бензин бундан қимматроқ.

Бишкекда дизель ёқилғисининг бир литри 99,9 сомдан (1,14 доллар) сотилмоқда. Бу Қозоғистон, Россия ва Беларусдаги нархлардан юқори, бироқ Арманистон ва Тожикистондагидан паст. Ўзбекистон билан фарқ эса деярли йўқ — бу ерда бир литр дизель 1,14 доллар туради.

Бишкекда автогазнинг бир литри 48,8 сомни (0,56 доллар) ташкил этади. У Қозоғистон, Россия, Беларус ва Ўзбекистондагидан қимматроқ, аммо Арманистон ва Тожикистондагидан арзонроқ.

Нархлар белгиланган максимал чегарадан юқори

Олдинроқ «Economist.kg» Қирғизистонда ёқилғи учун максимал чакана нархлар жорий этилгани ҳақида хабар берганди. Бишкек учун АИ-92 бензини нархининг юқори чегараси литрига 79,9 сом, дизель ёқилғиси учун 93,9 сом ва автогаз учун 45,8 сом этиб белгиланган.

АИ-95 маркали бензин эса 7-июлдан бошлаб давлат томонидан нарх жиҳатидан тартибга солинмайди. Шу сабабли ушбу марка учун аввал белгиланган лимит энди амал қилмайди. Давлат монополияга қарши хизмати келтирган нархлар билан амалдаги лимитлар таққосланганда:

АИ-92 нархи 86,9 сом бўлиб, белгиланган 79,9 сомлик лимитдан 7 сом ёки 8,8 фоизга юқори. Дизель нархи 99,9 сом бўлиб, 93,9 сомлик лимитдан 6 сом ёки 6,4 фоизга ошган. Автогаз нархи 48,8 сомни ташкил этиб, 45,8 сомлик лимитдан 3 сом ёки 6,6 фоизга юқори.

Шундай қилиб, давлат томонидан нархи тартибга солинадиган учала турдаги ёқилғи ҳам Бишкекда белгиланган максимал нархлардан қимматроқ сотилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда бензин ва дизель нархи йил бошидан бери қанчага ошгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid