add

Қирғизистонда ўқитувчи ва шифокорлар маоши икки баробар ошади

Bugun 18:582902 daqiqa

2026 йил 1 апрелдан Қирғизистонда педагоглар ва тиббиёт ходимлари ойлиги 100 фоизга оширилиб, қўшимча президент компенсация тўлови жорий этилади.

Қирғизистонда ўқитувчи ва шифокорлар маоши икки баробар ошади

Қирғизистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб педагогик ва тиббий ходимлар иш ҳақи 100 фоизга оширилади. Бу ҳақда Халқ қурултойида мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ўқитувчи ва шифокорга ҳурмат — кучли давлатнинг асоси ҳисобланади.

«Ўқитувчи миллат келажагини шакллантиради, шифокор эса инсон саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилади. Аммо бугун биз уларга нисбатан қўпол муносабат, ҳурматсизлик, баъзан эса зўравонлик ҳолатларига дуч келяпмиз. Бу — маданиятсизликнинг энг юқори даражасидир. Биз ушбу икки муқаддас касб эгасига муносиб нуфуз ва жамиятдаги юқори мақомни қайтаришга мажбурмиз. Давлат органлари, фуқаролик жамияти, ҳар бир оила — барчамиз ўқитувчи ва шифокор нуфузини мустаҳкамлашга масъулмиз. Болаларимизни ўқитаётган ва бизни даволаётганларга етарли ҳурмат бўлмас экан, биз ҳақиқий маънода маданиятли ва ривожланган давлатга айлана олмаймиз», — деди Садир Жапаров.

Ҳозирда ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги 26 минг сомни (3,6 млн сўм) ташкил этса, 2026 йил апрелидан кейин у тахминан 52 минг сомга (7,2 млн сўм) етади. Ёш, тажрибасиз ўқитувчининг шаҳар мактабидаги ойлиги 36 минг 800 сомни ташкил этиб, солиқлардан ташқари тахминан 31 минг 200 сом қўлига олади. Узоқ тоғли ҳудудда 30 йиллик стажга эга олий тоифали математика ўқитувчисининг маоши эса 97 минг 600 сомгача ошади.

Шифокорлар учун ҳам шунга яқин ўсиш кўзда тутилган. Ҳозир 31 минг 500 сом (4,3 млн сўм) бўлган ўртача ойлик 62 минг 500 сомга (8,6 млн сўм) етказилади. Ёш шифокорнинг шаҳардаги маоши 42 минг 100 сомни ташкил этиб, тахминан 35 минг 500 сом соф даромад қолади. Тоғли ҳудудда 30 йиллик тажрибага эга олий тоифали шифокор 91 минг 700 сом маош олади.

Бундан ташқари, артистлар ойлиги ўртача 46 минг 500 сомга, мураббийларники эса 58 минг 900 сомгача оширилади. Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи эса қўшимча 5 минг сомлик компенсация ҳисобига ўртача 80 фоизга кўпаяди. Президент бу қарор жамият ривожига қўшилаётган ҳиссани юқори баҳолаш эканини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid