Logo

Қизилқумдаги сирли кўл — репортаж

Bugun 19:345 daqiqa

Бухоро вилояти Пешку туманидаги Шўрбулоқ ҳудудида қисқа вақт ичида улкан кўл пайдо бўлди. Бир пайтлар фақат қум ва шўрхоклардан иборат бўлган ҳудуд бугун қарийб 80 квадрат километр майдонни эгаллаган сув ҳавзасига айланган. Бу табиат мўъжизасими, иқлим ўзгаришининг натижасими ёки инсон томонидан яратилган янги экотизимми? Vaqt.uz янги кўлнинг пайдо бўлиш сабаблари, экологик аҳамияти ва келажакдаги тақдири ҳақида ўрганди.

Бухоро вилояти Пешку туманидаги Шўрбулоқ ҳудудида янги кўл пайдо бўлди. Унинг майдони тахминан 80 километр квадратни ташкил этади. Маҳаллий аҳоли Газли шаҳарчасидан шимолда жойлашган бу ҳудудни йиллар давомида шўрхоқ ва сувсиз ҳудуд сифатида билган. Шўрбулоқ номи ҳам бежиз эмас. Бу ерда катта сув ҳавзаси мавжуд бўлмаган. Аммо сўнгги олти ой ичида вазият кескин ўзгарди. Мутахассисларнинг айтишича, ҳудудда меъёрдан уч баробар кўп ёғингарчилик кузатилган. Натижада табиий ботқоқликларда сув тўплана бошлаган. Мен турган жой бундан бир неча ой олдин қуруқ чўл бўлганига ишониш қийин. Ҳозир эса уфқгача чўзилган сувни кўришимиз мумкин. Гўёки саҳро ўртасида янги денгиз пайдо бўлгандек.

 

“Олдин қуруқ жой эди. Шўр тупроқ бўлган. Сув канал билан келди, икки йил бўлди келганига. Ҳали кўпаяди. Учдан бир бўлаги дейишяпти буни? Ҳозир бир йилдан бери кўпайди-да, кўп каналдан сув кўп келяпти-да. Ҳамма ёмғирдан сув йиғилибди деяпти. Аслида, сувни махсус олиб келди”, дейди шу ерда яшовчи Талғат Маликов.

 

Мутахассислар кўлнинг пайдо бўлишини фақат рекорд даражадаги ёғингарчилик билан боғламаяпти. Маълумотларга кўра, ҳудудга сув 126 километрлик коллектор орқали ҳам келмоқда. Чўл ҳудудларида пастқам жойларга коллектор-дренаж сувлари ва сизот сувлари йиғилиши ҳам муҳим омил сифатида кўрилмоқда. Балиқчилик лойиҳалари учун қазилган каналлар ҳам сув йиғилиш жараёнини тезлаштирган. Шундай қилиб, табиат ва инсон фаолияти бир нуқтада кесишиб, янги гидрологик объект пайдо бўлишига олиб келган.

 

Ҳар қандай янги сув ҳавзаси янги ҳаётни ҳам олиб келади. Қушлар кўпаяди, янги ўсимликлар пайдо бўлади, балиқчилик ривожланиши мумкин. Аммо мутахассислар эҳтиёткорликка ҳам чақирмоқда. Сув мувозанати ўзгариши ерларнинг шўрланиши ёки аксинча, ботқоқликлашиши эҳтимоли мавжуд. Демак, янги кўл нафақат имконият, балки катта масъулият ҳамдир.

 

“Шу кўл 2024-йилдан бошлаб келиши, сентябрь, октабр ойларидан пайдо бўла бошлаган. Бу канал қазиб келди, канал билан тўлдирди бу ерни. Ҳозирча каналда сув кам, камайган. Сув орқа тарафга қайтиб кетди. Энди бу ёзнинг ҳисобига буғланиш бўлади, сув кўтарилиб, буғ бўлиб чиқиб кетади. Эртага энди салқин бўлган пайт кўтарилади. Дамбанинг ёқасигача келади. Келувчилар ҳам кўп. Ҳар куни шу блогерлар келади? Оддий одамлар ҳам бор келиб, томоша қилиб кетади. Балиқ ташлаб кетади сувга. Сув бор жойга энди нима бўлади-ку, ҳаёт бўлади. Ҳаво ҳам ўзгарди лекин шу кўлнинг ҳисобига. Иссиқ бўларди бизларга шу ёз бўлганда жазирама бўлиб кетарди. 40-43 градусгача иссиқ бўлиб кетарди. Ҳозирги пайт энди ўзгарди. Ҳозир салқин бўлади, тушда, кечқурун салқин бўлади, кечқурун намлик кўтарилади. Кечаси ҳам, кундузи ҳам офтоб билинмайди. Бемалол эркин юряпмиз. Лекин кўл йўқ пайтига бу ер жуда иссиқ бўларди бу ерга”, дейди маҳаллий аҳоли вакили Жайигир Абулқосимов.

 

Табиатнинг ҳар бир совғаси билан бирга янги саволлар ҳам туғилади. Бу кўл ҳам бундан мустасно эмас. У қандай сақланиб қолинади? Кўлнинг суратлари интернетда тарқалиши билан кўплаб одамлар бу ерга қизиқа бошлади. Айримлар уни Бухоронинг янги сайёҳлик нуқтаси деб атамоқда. Дарҳақиқат, чўл бағрида жойлашган бундай улкан сув ҳавзаси жуда ноёб манзара ҳисобланади. Агар кўл сақланиб қолса, у Бухоро чўлларидаги ноёб ландшафт объектига айланиши мумкин. Бундай ҳолатларда қушларни кузатиш, илмий экспедициялар ва экотуризм ривожланиши эҳтимоли мавжуд. Қушлар ва ёввойи ҳайвонлар учун янги яшаш муҳити пайдо бўлиши мумкин. Экологлар бундай янги сув ҳавзалари кўпинча кўчиб юрувчи сув қушларини жалб қилишини таъкидлайди. Агар сув сифати мақбул бўлса, ҳудудда биологик хилма-хиллик ошиши мумкин. Шу билан бирга, бу жараённи илмий кузатиш талаб этилади. Бу Ўзбекистонда аввал ҳам айрим чўл кўллари мисолида кузатилган.

 

“Сув бизда ўтган йили ёз ойида бундай даражагача бу ергача келмади. У ерда бостирма қурди, шу бостирмагача етмади, ҳозир шу бостирма сувнинг тагида қолди. Биринчи бу дамба қурилди. Бу дамба қурилиб битгандан кейин сув юборилди-да. Бу сув секин келди. Бирдан секин-секин юборилган сув-да. Йиллар, анча вақт давомида тўпланди. Барибир у режа билан келган сув-да, ўз-ўзидан бир ердан келиб қолган сув эмас-да барибир. Сув хўжалигида ишлайдиган мутахассислар келиб, бу ерларни текширди. Одамлар бошида қўрқди, сув энди бу халқ уйларни босиб кетади, кўчиш керак деган гаплар тарқалди. Кейин барибир одам қўрқади-ку барибир, бу дамбадан ўтиб кетса, нима қилади деб. Лекин бу унча даражада бўлгани йўқ. Барибир ҳамма мутахассислар текшириб турди буни. Буни тупроқ билан, цемент билан ишлади. Одамларнинг хавфсизлиги учун шундай қилиб ишланган нарса-да бу”, дейди Жамила Ақберганова.

 

Ўрганишларимиз давомида маълум бўлдики, чўл ҳудудида 2023-йилдан бошлаб Жондор, Қоракўл ва Олот туманларидаги сизот сувларини Оролга етказиш лойиҳаси доирасида сув йўли қурилиб, 2024-йилдан эътиборан уни Жонгелди ҳудудида захира қилишга киришилган. Натижада қисқа фурсатда Қалата қишлоғига туташ масканда янги сув омбори вужудга келди. Коллектор-дренаж тизимлари орқали тўйинадиган ушбу ҳавзага сониясига 35 метр куб сув келиб тушмоқда. Мутахассисларга кўра, бу ерда 850 миллион кубометр сувни захира қилиш бўйича режа қилинган бўлиб, ҳозир 305 миллион кубометр сув захираси тўпланган. Келажакда 2 гектар майдонни аукцион савдолари орқали чиқариб, ҳудудда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш режа қилинган. Табиат баъзан энг тажрибали олимларни ҳам ҳайратда қолдира олади. Шўрбулоқдаги янги кўл бунинг ёрқин мисоли. Кечагина бу ерда саҳро, қумрон эди. Бугун эса сув. Эҳтимол, бир неча йилдан кейин бу ер мутлақо бошқача қиёфага кирар. Аммо бир нарса аниқ: Бухоро чўлининг бағрида пайдо бўлган бу кўл ҳали узоқ вақт давомида олимлар, экологлар ва оддий одамлар эътибор марказида қолади. Экологлар фикрича, янги кўлнинг келажакдаги тақдири уч омилга боғлиқ: ёғингарчилик ҳажми, ер ости сувларининг сатҳи, коллектор-дренаж тизимларидан келаётган сув миқдори. Шунинг учун ҳозирча уни доимий кўл деб эълон қилишга эрта. Бир неча йил давомида гидрологик кузатувлар ўтказилиши керак.

 

Чўл ўртасида пайдо бўлган бу улкан кўл бизга яна бир ҳақиқатни эслатади: табиат доимо ўзгаришда. Баъзан у биз кутмаган жойда кутмаган мўъжизаларни яратади.

 

 

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор-монтажчи: Мироқил Хайруллаев

Teglar

Baxtiyor To‘xtayev

Baxtiyor To‘xtayevMaqolalar soni: 24

Barchasi

Mavzuga oid