Logo

Марказий банк валюта курсини ҳисоблаш тартибини ўзгартиради

Bugun 18:551 daqiqa

Янги механизм ички бозордаги реал битимларни кенгроқ акс эттиради.

Марказий банк валюта курсини ҳисоблаш тартибини ўзгартиради

2026 йил 15 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий валюта алмашув курслари янги тартибда ҳисобланади. Бундан буён курс фақат валюта биржасидаги битимлар асосида эмас, балки банклараро биржадан ташқари бозордаги битимлар ҳам ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилади.

Марказий банк матбуот хизмати маълум қилишича, расмий курс биржа ва биржадан ташқари бозорда тузилган битимларнинг ўртача тортилган курси асосида белгиланади. Шу орқали курсни аниқлашда ички валюта бозоридаги операциялар доираси кенгайтирилади.

Марказий банкнинг таъкидлашича, бу расмий алмашув курсини ҳисоблашда ички валюта бозоридаги битимларни кенгроқ қамраб олиш ва бозор ҳолатини янада аниқ акс эттириш имконини беради.

Шунингдек, дам олиш кунлари, шу жумладан шанба ва якшанба кунлари учун охирги иш куни бўйича расмий эълон қилинган курслардан фойдаланиш амалиётига ўтилади.

Аввалроқ, Ўзбекистонда ички валюта бозорини янада ривожлантириш ва банклар учун валюта операцияларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш доирасида 2026 йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги савдолар соат 17:00 га қадар давом этиши ҳақида хабар берган эдик.

Янги тартибга кўра, валюта биржасидаги савдолар якунлари асосида 74 та хорижий валютанинг сўмга нисбатан расмий курслари ҳар бир банк иш куни соат 17:30 да Марказий банкнинг расмий сайтида эълон қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Марказий банк валюта курсини ҳисоблаш тартибини ўзгартиради | Vaqt.uz