Қозоғистон 40 ўзбекистонликни депортация қилди

25.02.2026 | 12:241 daqiqa

Олмаотада миграция режими бузилгани учун 40 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди.

Қозоғистон 40 ўзбекистонликни депортация қилди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида миграция қонунчилигини бузган 40 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди. Бу ҳақда шаҳар полиция департаменти расман хабар берди.

Полиция маълумотига кўра, ушбу шахслар Қозоғистон ҳудудида бўлиш тартибини бузган. Шу асосда уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган ва мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Расмий баёнотда таъкидланишича, депортация жараёнида барча хавфсизлик талабларига риоя этилган. Фуқаролар учун махсус автобус йўналиши ташкил этилган ва улар Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегарасигача кузатиб қўйилган.

Олмаота шаҳар ИИБ миграция хизмати бошқармаси бошлиғи Еркин Амантаевнинг билдиришича, чет эл фуқароларининг шаҳарда қонуний бўлиши доимий назоратда.

«Биз миграция қонунчилигига риоя этилишини таъминлаймиз. Аниқланган шахслар қоидаларни бузгани сабабли қонунга мувофиқ мамлакатдан чиқариб юборилди. Асосий вазифамиз — жамоат тартиби ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш», деди у.

Шунингдек, депортация жараёни ҳар бир шахсни ҳужжатлаштириш, қарорларни расмийлаштириш ва чегарагача хавфсиз етказиб қўйиш орқали амалга оширилгани айтилди.

Сўнгги вақтларда Қозоғистонда миграция назорати кучайтирилгани кузатилмоқда. Маҳаллий ҳокимият идоралари чет эл фуқароларининг мамлакатда бўлиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган рейд ва текширувларни давом эттирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid