add

Рақобат қўмитаси пропан импорт ортиши нархларга таъсир кўрсатаётганини маълум қилди

Bugun 12:012 daqiqa

Ички бозорда маҳаллий пропан ҳажми қисқариб, импорт ҳиссаси ортиши нарх шаклланишига босим ўтказмоқда.

Рақобат қўмитаси пропан импорт ортиши нархларга таъсир кўрсатаётганини маълум қилди

Рақобат қўмитаси ички бозорда суюлтирилган газ (пропан) реализациясида кузатилаётган ҳолат юзасидан расмий маълумот берди. Унга кўра, 2025 йил давомида биржа савдолари орқали жами 358 минг тонна суюлтирилган газ сотилган бўлиб, унинг 61 фоизи маҳаллий, 39 фоизи эса импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган.

Қўмита маълум қилишича, 2025 йил январ–июл ойларида ички бозорда маҳаллий маҳсулот улуши ўртача 80 фоизни ташкил этган. Бироқ август ойидан бошлаб бу кўрсаткич изчил камайиб, декабр ойида 35 фоизга, 2026 йил январ ойининг ўтган даврида эса 10 фоизгача пасайган.

Мазкур ҳолатнинг асосий сабаби сифатида маҳаллий пропан ҳажмларининг аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилгани кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий маҳсулотнинг бошланғич нархи ўтган йил давомида деярли ошмагани таъкидланди.

Рақобат қўмитаси томонидан бошланғич нархга 20 фоиз спред, шунингдек, бир савдо сессиясида 5 тонна харид лимити жорий этилгани натижасида маҳаллий пропаннинг бир тоннаси 7 млн сўмдан ошмаган. Бу пайтда импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.

Сўнгги ойларда импорт улуши ва талаб ошиши биржа савдоларидаги ўртача нархнинг айнан импорт маҳсулоти ҳисобига шаклланишига олиб келган. Айрим тадбиркорлар томонидан бошланғич нархлар оширилиши натижасида ҳозирда 1 тонна пропан ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда, бу декабр ойига нисбатан 20 фоизга юқори.

Қўмита пропан нархларини барқарорлаштириш мақсадида ваколати доирасида тезкор чора-тадбирлар кўрилаётгани, ёқилғи қуйиш шохобчаларида чакана нархлар доимий мониторинг қилинаётганини билдирди. Шу билан бирга, нархлар бўйича асоссиз ахборот тарқатиш бозор тамойилларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Teglar

Mavzuga oid