Ўзбекистонда тўққиз ой ичида 18 мингдан ортиқ киши қамоқ жазосига ҳукм қилинди
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида жиноят ишлари бўйича судлар 57 мингдан ортиқ кишига ҳукм чиқарди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 57 376 нафар кишига нисбатан суд ҳукми чиқарилиб, уларнинг 18 026 нафари (31,4 фоизи) озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, 38 737 кишига бошқа турдаги жазолар тайинланган бўлса, яна 613 киши шартли ҳукм қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026-йилнинг ўтган даврида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 78 739 кишига нисбатан 64 902 та иш кўриб чиқилган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг тўлиқ давомида судлар кўрган ишлардан 1725 тага кўпдир.
Ишларнинг катта қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўриб чиқилган.
Кўриб чиқилган ишлар асосан фирибгарлик, ўғрилик, транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар айланмаси, қасддан тан жароҳати етказиш, талон-торож қилиш, безорилик ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ бўлган.
Судланганлар орасида 50 435 нафар эркак ва 6941 нафар аёл бор. Уларнинг 21 670 нафарини ёшлар (шундан 2097 нафари вояга етмаганлар), 2052 нафарини эса 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этади.
Оқлов ҳукмлари ва жавобгарликдан озод қилиш ҳолатлари
Ҳисобот даврида судлар 385 кишини оқлади ва реабилитация қилди. Уларнинг 161 нафари (қарийб 42 фоизи) қатағон қурбонлари ҳисобланади. Шу билан бирга, тарафлар ярашгани муносабати билан 18 844 киши жиноий жавобгарликдан озод этилган. 2025 йил давомида бундай шахслар 13 224 нафарни ташкил қилган эди.
Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани ортидан 6 377 киши суд залининг ўзидаёқ қамоқдан озод қилинган. Терговга қадар текширув органлари томонидан асоссиз қўйилган моддалар 13 938 кишига нисбатан айбловдан чиқарилди ёки қайта квалификация қилинди.
Кафолат хатлари асосида 47 кишига (жумладан, ёшлар ва аёлларга) озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Яна 26 794 киши жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 8761 нафар судланганнинг жазоси эса енгилроғи билан алмаштирилган.
Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш тартибида кўриб чиққан 646 кишига оид ишлардан 283 нафари бўйича (қарийб 44 фоиз) қуйи судлар қарорларини бекор қилди ёки ўзгартирди. Бундан ташқари, жиноятларнинг сабабларини бартараф этиш мақсадида судлар томонидан 34 325 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишли идораларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тўққиз ойда 77 мингдан ортиқ киши маъмурий қамоққа олингани хабар қилинганди.





