
Россия активлари ўрнига: Евроиттифоқ Украина учун 90 млрд евро кредитни маъқуллади
Европа Иттифоқи етакчилари Украинага 2026 йил учун 90 млрд кредит ажратишга келишди, маблағлар Россия активлари эмас, балки Евроиттифоқ бюджети кафолати билан берилади.

Европа Иттифоқи етакчилари 19 декабрга ўтар кечаси 15 соатлик музокаралардан сўнг Украина молиялаштирилиши бўйича келишувга эришди. Европа кенгаши президенти Антониу Коштанинг маълум қилишича, Киевга 90 млрд евро миқдорида кредит ажратилади.
Қарор вақтинчалик ва компромисс характерига эга бўлиб, Украина бюджети учун 2026 йилда барқарор молиявий қўллаб-қувватлашни таъминлашни кўзлайди. Биринчи траншни 2026 йил иккинчи чорагида ажратиш режалаштирилган.
Ушбу молиявий механизмнинг асосий хусусияти — кредит қайтариш шартларидир. Украина мазкур қарзни фақат Россия репарация тўлаганидан кейин қайтариши лозим бўлади. Агар Москва ихтиёрий равишда компенсация тўламаса, Европа Иттифоқи келгусида музлатилган Россия активларидан қарзни қоплаш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Шу билан бирга, Россияга тегишли активлар ҳозирча тўлиқ музлатилган ҳолда қолади. 210 млрд евро атрофида баҳоланаётган ушбу активларни тўғридан тўғри ишлатиш масаласи кейинга қолдирилди.
Келишув барча давлатлар учун молиявий жиҳатдан бир хил эмас. Венгрия, Словакия ва Чехия ушбу кредитни молиялаштиришда иштирок этмаслигини расман маълум қилди. Ушбу давлатлар сиёсий вето қўймаган бўлса-да, молиявий юк қолган аъзо мамлакатлар зиммасига тушади.
Якунланган формула Германия канцлери Фридрих Мерц ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен учун сиёсий мағлубият сифатида баҳоланмоқда. Улар Россия активларидан тўғридан тўғри фойдаланишни қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ Белгия бош вазири Барт Де Вевер, активлар сақланаётган Euroclear тизими учун молиявий ва ҳуқуқий хатарларни асос қилиб, бу ғояга қарши чиқди.
Натижада, Европа Иттифоқи ҳозирча бюджет кафолатлари орқали Украинага ёрдам бериш йўлини танлади.





