Россия «ChatGPT» ва «Gemini»ни тақиқлашга тайёрланмоқда
Россия рақамли ривожланиш вазирлиги сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди, бироқ лойиҳада ҳуқуқшунослар ва фойдаланувчилар эътибор қаратаётган муҳим парадокс бор.

Россия рақамли ривожланиш вазирлиги сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди. Унда «чегаралараро СИ технологиялари» тушунчаси киритилиб, хорижий нейротармоқлар фаолиятини чеклаш учун ҳуқуқий асос яратилади. Асосий эътироз – фойдаланувчи маълумотларининг хориж серверларга узатилиши. Қонунни 2027-йил 1-сентябрдан кучга киритиш режалаштирилган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Нима маълум?
Ташаббус моҳияти ахборот оқимларини назорат қилишга қаратилган. Россияда кунлик аудиторияси 500 минг кишидан ошадиган хорижий СИ хизматлари россиялик фойдаланувчилар маълумотларини (сўровлар, мулоқотлар, метамаълумотлар) мамлакат ҳудудида камида уч йил сақлаши шарт бўлади.
Бироқ глобал компаниялар бу талабни бажариш учун Россияда дата-марказлар жойлаштириши эҳтимоли кам. Чунки бундай ҳолатда улар расмий тақиқ хавфига дуч келиши мумкин.
Аллақачон чекланган хизматларни блоклаш
Қонун лойиҳасида ҳуқуқшунослар ва фойдаланувчилар эътибор қаратаётган муҳим парадокс бор:
«ChatGPT» ва «Claude» аллақачон ишлаб чиқарувчилар ташаббуси билан Россияда расман ишламайди (IP бўйича блоклаш, Россия карталари билан тўлов тақиқланган). Уларга, шунингдек, «Gemini»га кириш асосан «VPN» ёки «API» орқали амалга оширилади.
Қонун кимларга таъсир қилади: у тўғридан тўғри халқаро корпорациялардан кўра, ички бозорга қаратилган. Хавф остида – хорижий СИ ечимларига «яширинча» уланиб ишлайдиган маҳаллий агрегаторлар, «Telegram»-ботлар ва корпоратив интеграциялар.
Хитойга таяниш
Муқаобил сифатида бизнес ва давлат секторга очиқ кодли моделлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Хусусан, «Alibaba»нинг «Qwen»и ёки «DeepSeek» каби моделлари.
Бу моделлар архитектураси нейротармоқни маҳаллий серверларда ишга тушириш имконини беради. Бундай «ёпиқ муҳит»да маълумотлар мамлакат ичида қолади ва ташқарига чиқмайди.





