Logo

Россия ва Эронга қарши катта ўйин: АҚШ Марказий Осиё газини Европага буриш жараёнини тезлаштирмоқда

Kecha 19:105 daqiqa

Қўшма Штатлар Марказий Осиё газини Россия ва Эронни четлаб ўтган ҳолда Европага йўналтирувчи Транскаспий газ қувури лойиҳасини тезлаштиришга киришди. Шу мақсадда АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали вакиллари кетма-кет Ашхободга ташриф буюрмоқда. Гарчи Туркманистон Европага Каспий денгизи орқали табиий газ етказиб беришга розилигини билдирган бўлса-да, бу йўлда жиддий геосиёсий ва тижорий тўсиқлар сақланиб қолмоқда.

Россия ва Эронга қарши катта ўйин: АҚШ Марказий Осиё газини Европага буриш жараёнини тезлаштирмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Қўшма Штатлар Туркманистон газини Европа бозорларига экспорт қилиш лойиҳасини илгари суриш мақсадида минтақага ўзининг яна бир юқори мартабали вакилини юборди. Давлат департаменти хабарига кўра, Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау 16–24 ноябр кунлари Тожикистон, Туркия ва Туркманистонга сафар қилмоқда. Бу сафар Вашингтоннинг минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда. Унда асосий эътибор бизнес, транспорт инфратузилмаси ва стратегик тармоқларни ривожлантиришга қаратилади.

Америкалик дипломатнинг ташрифи Душанбедан бошланди. Маълум қилинишича, Ландау Тожикистоннинг юқори мартабали расмийлари ва хусусий сектор вакиллари билан иқтисодий ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги шериклик масалалари бўйича музокаралар ўтказган.

Шундан сўнг Ландау АҚШ ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни муҳокама қилиш учун Истанбулга жўнаб, туркиялик юқори лавозимли амалдорлар ҳамда бизнес етакчилари билан учрашади. Давлат департаментига кўра, бу музокаралар савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, Америка компанияларини қўллаб-қувватлаш ҳамда АҚШнинг энергетик хавфсизлиги ва таъминот занжирлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Анқарадаги учрашувлар якунлангач, Давлат котибининг биринчи ўринбосари Ашхободга йўл олади. У ерда Ландау ҳукумат раҳбарияти ҳамда Туркманистон ва Америка бизнес ҳамжамиятлари вакиллари билан учрашиши кутилмоқда. АҚШ маъмурияти бу ташрифни Транскаспий йўлаги орқали энергия экспортини диверсификация қилиш ҳамда «Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўналиши» доирасида Туркманистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг бир қисми деб ҳисоблайди.

«Бу сафар АҚШнинг транзит, энергия оқимлари ва таъминот занжирлари барқарорлиги учун ўта муҳим бўлган ушбу минтақада дипломатияни савдо ва инвестиция мақсадлари билан уйғунлаштиришга қаратилган кенгроқ саъй-ҳаракатларини тасдиқлайди», — дейилади департамент хабарида.

Дарвоқе, Ландау Транскаспий газ қувури лойиҳаси бўйича музокаралар ўтказиш учун сўнгги кунларда Ашхободга ташриф буюрган иккинчи юқори мартабали Америка дипломатидир. Аввалроқ, 3 ноябр куни Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур ҳам туркман газини Европага етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш учун Туркманистонга борган эди. Дипломат Туркманистоннинг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашиб, сўнгра Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан музокаралар ўтказди.

Таъкидлаш ўринлики, Кристофер Ландаунинг ўзи ҳам Марказий Осиё билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни, хусусан, Транскаспий газ қувури орқали табиий газ етказиб беришни диверсификация қилишни фаол қўллаб-қувватлаб келади. Ўтган йилнинг октябр ойида у минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва савдо инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида махсус вакил Сержио Гор ва АҚШнинг бошқа расмийлари билан биргаликда Марказий Осиёга, жумладан, Қозоғистон ва Туркманистонга сафар қилган эди.

1

Жорий йилнинг май ойида Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов АҚШга ташрифи чоғида Ландау билан музокаралар ўтказганди. Кейинроқ, сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Ню-Йоркдаги сессияси доирасида ҳам томонлар ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтди. Гарчи бу учрашувлар тафсилоти кенг оммага эълон қилинмаган бўлса-да, юқори даражадаги бундай музокараларнинг барчасида асосий мавзу айнан Транскаспий газ қувури бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Шу пайтгача Туркманистоннинг Транскаспий лойиҳасига нисбатан позицияси унчалик ойдин эмасди. Бироқ эндиликда Ашхобод ушбу лойиҳани амалга ошириш ўзининг стратегик мақсадларидан бири эканини очиқ билдириб, бу борада АҚШнинг қўлловига эришишга уринмоқда. Хусусан, 23 октябр куни «Туркмангаз» давлат концерни раиси Максат Бабаев Туркманистон Каспий денгизи орқали Озарбойжонга, у ердан эса Грузия ва Туркия орқали Европага газ етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди.

Бабаевнинг сўзларига кўра, Ашхобод сув ости газ қувури қурилиши бўйича Озарбойжон билан музокараларни давом эттирмоқда. Аммо Туркманистон газни фақат ўз чегарасида сотишни маъқул кўряпти. Уни кейинги манзилларга ташиш масаласи эса лойиҳанинг бошқа иштирокчилари билан қўшимча келишувларни талаб қилади. «Биз Транскаспий йўналишини табиий газ билан таъминлашга розимиз. Бунинг учун лойиҳани хомашё билан таъминлайдиган «Галкиниш» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичини бошлаш зарур», — деди «Туркмангаз» раҳбари.

2

«Галкиниш» — Туркманистоннинг энг йирик нефт кони бўлиб, унинг захиралари қўшни «Яшлар» ва «Гаракўл» конлари билан биргаликда 27,4 триллион куб метрга етади.

Маълумки, АҚШ ва Европа Иттифоқи Каспий минтақасининг углеводородларга бой давлатларини (хусусан, Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистонни) ўзларининг ҳаётий муҳим энергетик ҳамкорлари деб билади. Шу сабабли нефт ва табиий газ импортини диверсификация қилиш стратегиясида Боку, Остона ва Ашхобод Европа учун алоҳида ўрин тутади. Айни шу нуқтаи назардан, Транскаспий лойиҳаси сўнгги йилларда яна долзарблашди ва Ғарбнинг юқори мартабали расмийлари бу лойиҳани амалга ошириш мақсадида минтақага бирин-кетин ташриф буюрмоқда. Қолаверса, бу қувур лойиҳаси АҚШнинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказга нисбатан олиб бораётган стратегиясининг марказидан жой олган.

Бироқ Каспий туби бўйлаб узунлиги қарийб 300 километр ва ўтказиш қобилияти йилига 30 миллиард куб метргача бўлган қувур ётқизиш ташаббуси 1990-йилларнинг ўрталаридаёқ илгари сурилганига қарамай, унинг йўлида бир қатор жиддий тўсиқлар юзага келди ва улар бугунги кунгача сақланиб қолмоқда. Улардан бири — Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ очиқ қолган масалалардир. Бошқа томондан, соҳилбўйи давлатлари ўртасида Каспий акваториясини тақсимлаш бўйича ҳануз ягона келишув йўқ. Масалан, Эрон денгизни қирғоқ чизиғи бўйлаб тақсимлаш тамойилига ҳалигача рози эмас ва ўзига каттароқ улуш тегишини талаб қилмоқда.

Гарчи Ғарб таҳлилчилари АҚШ маъмуриятининг кучли сиёсий қўллови, Москванинг минтақадаги таъсири сусайиши ва Эрон атрофидаги ҳозирги вазият бу тўсиқларни енгиб ўтишга имкон беради, деб ҳисобласа-да, лойиҳа қурилишига Россия ва Эрон томонидан кўрсатилаётган қаршилик яна бир жиддий муаммолигича қолмоқда.

Ниҳоят, учинчи асосий тўсиқ бевосита тижорий масалаларга бориб тақалади. Газ қувури қурилишига кўп миллиардлик сармояларни жалб қилиш учун бу қувур орқали ташиладиган газни олди-сотди қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар зарур. Бироқ, «Туркмангаз» раҳбари таъкидлаганидек, Туркманистон газни фақат ўз чегарасида сотишга тайёр, яъни Ашхобод унинг кейинчалик Озарбойжон ва Туркия орқали транзит қилинишида иштирок этишни хоҳламайди. Афтидан, бундай эҳтиёткорона ёндашув лойиҳа билан боғлиқ эҳтимолий сиёсий хавф-хатарларни минималлаштиришга қаратилган.

 

Teglar

Mavzuga oid