Иш ҳақини исталган картага олиш имконияти, яна 4 та банкка берилган исломий лицензия ва деҳқон бозорларини хусусийлаштириш бўйича изоҳ — 18 ноябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Деҳқон бозорлари хусусийлаштириладими? Жамоатчилик саволларига жавоб берилди
Давлат активларини бошқариш агентлиги деҳқон бозорларини бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ва модернизациялаш жараёнлари юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган саволларга расмий изоҳ берди. Агентлик маълумотига кўра, ислоҳотлардан асосий мақсад бозорларни ёпиш ёки уларнинг анъанавий фаолият йўналишини ўзгартириш эмас, балки инфратузилмани янгилаш, санитария-гигиена шароитларини яхшилаш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишдир. Бунда «Ekobozor» ва «Food City» каби замонавий савдо мажмуалари тажрибаси намуна сифатида кўриб чиқилмоқда ҳамда аҳоли учун одатий бўлган савдо майдонлари ўз ўрнини сақлаб қолади.
Таъкидланишича, бозорларни хусусийлаштириш оммавий сотиш шаклида эмас, балки ҳар бир объектнинг ижтимоий аҳамияти ва иқтисодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда манзилли ва босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳар бир объектни реализация қилишдан аввал унинг ҳолати ва ҳужжатларини чуқур ўрганиш, шунингдек, маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари фикр-мулоҳазаларини олиш мажбурий шарт этиб белгиланган. Агентлик модернизация жараёни фуқароларга қўшимча ноқулайликлар туғдирмаслигини ва сотувчиларнинг маҳсулот сотиш имкониятларини асоссиз чекламаслигини қайд этди.
«Davr Bank» номини ўзгартирди
Ўзбекистондаги хусусий «Davr Bank»нинг юридик номи расман «ABB Davr Bank» акциядорлик жамияти этиб ўзгартирилди ва давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу қарор жорий йилнинг 9 октябрида бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган бўлиб, унда банк уставининг янги таҳрири ҳам тасдиқланди. Мазкур ўзгаришлар 2026 йил сентябрь ойида Озарбойжоннинг «ABB» банки 140 миллион долларга «Davr Bank» акцияларининг 51 фоизини сотиб олганидан сўнг бошланган корпоратив янгиланишларнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади (олди-сотдигача банк асосчиси Лутфулла Убаевнинг улуши 46,9 фоиз бўлган бўлса, битимдан кейин у 25,5 фоизга тушди). Шунингдек, банк кундалик фаолиятида «ABB Davr» тижорат белгисидан фойдаланиши белгиланди.
Назорат пакети Озарбойжон банкига ўтгач, «Davr Bank»нинг корпоратив бошқарув тизими ҳам янгиланди: кузатув кенгашининг аввалги беш нафар аъзоси, жумладан, Лутфулла Убаевнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди (Убаев энди кенгашда овоз бериш ҳуқуқисиз кузатувчи бўлиб иштирок этади). Янги кузатув кенгаши таркибига «ABB» бошқаруви раиси ўринбосарлари Талех Тахирли ва Агшин Амиров, ҳамда бир неча мустақил аъзолар киритилди. Маълумот ўрнида, «Davr Bank» Ўзбекистон молия бозорида 2001 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистонда молиявий муаммога учраган банкларни сақлаб қолиш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан Марказий банкнинг молиявий муаммога учраган банкларни санация қилиш (сақлаб қолиш) тартибини белгиловчи низоми давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, Марказий банк бошқаруви томонидан қабул қилинадиган санация қарори асосида муаммоли банкни сақлаб қолишнинг учта асосий усули қўлланилиши мумкин: банк активлари ва мажбуриятларини бошқа банкка ўтказиш, вақтинчалик оралиқ банк ташкил этиш ёки банк капиталининг айрим қисмлари ва мажбуриятларини ҳисобдан чиқариш ҳамда акцияларга айлантириш. Санация даврида акциядорлар, кузатув кенгаши ва банк бошқарувининг барча ваколатлари Марказий банкка ўтади ва бошқарув махсус тайинланган бошқарувчи томонидан амалга оширилади, шунингдек, активларни бошқа банкка ўтказишда акциядор ёки омонатчиларнинг розилиги талаб этилмайди.
Низомга асосан, санация вақтида банк кўрган зарар биринчи навбатда унинг акциядорлари томонидан (ўз акциялари қиймати доирасида) қопланади, маблағ етмаган тақдирда эса айрим қарзлар ҳисобдан чиқарилади. Бироқ, аҳолининг кафолатланган омонатлари, гаров билан таъминланган қарзлар, банк ходимларининг иш ҳақи ва пенсиялари, солиқлар ҳамда тўлов тизимлари билан боғлиқ мажбуриятлар ҳисобдан чиқарилмайди ва тўлиқ сақлаб қолинади. Санация давомида мажбуриятлари ҳисобдан чиқарилган ёки акцияларга айлантирилган банк бир ой ичида молиявий барқарорликни тиклаш режасини ишлаб чиқиб Марказий банкка тақдим этиши шарт бўлиб, зарур ҳолларда бу жараёнга ҳукумат билан келишилган ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳам жалб қилиниши мумкин.
Ўзбекистонда яна 4 та банкка исломий банк лицензияси берилди
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 18 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистондаги яна 4 та тижорат банки — «Ipak yo‘li bank», «Asia Alliance Bank», «Orient Finans банк» ва «Hayot Bank» исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлди. Мазкур лицензиялар ушбу молия муассасаларига амалдаги қонунчилик асосида исломий молия операцияларини тўлақонли амалга ошириш ҳуқуқини беради. Маълумот ўрнида, бунга қадар яна бир қанча банклар томонидан ушбу йўналишда хизматлар йўлга қўйилишига қизиқиш билдирилган эди ва талабларга жавоб берадиган бошқа банкларга ҳам қўшимча лицензиялар берилиши мумкин.
Марказий банк раҳбариятига кўра, исломий молияни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи исломий қимматли қоғозлар, хусусан, сукук инструменти учун зарур ҳуқуқий асосларни яратишдан иборат бўлиб, бунинг учун капитал бозори тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси тайёрланган. Бундан ташқари, тижорат банкларига «исломий дарча»ларни нолдан ишлаб чиқмасдан, янги маҳсулотларни бозорга тезкор олиб чиқиш имконини берувчи Марказий Осиёдаги ягона рақамли платформани ишга тушириш ҳам режалаштирилмоқда.
Энди фуқаролар иш ҳақини ўзлари танлаган банк картасига олиши мумкин
Марказий банк ходимларга иш ҳақи, мукофот пули ва бошқа тўловларни иш берувчига хизмат кўрсатувчи банкдан қатъи назар, ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиш имконини берувчи «Маблағларни тақсимлаш маркази» тизимини жорий этмоқда. Янги тизим шу вақтгача амалда бўлган, ходимларни ташкилотнинг «иш ҳақи лойиҳаси» юритиладиган банкдан мажбурий равишда алоҳида карта очиш амалиётини бекор қилади. Тизимнинг дастлабки версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимларига мўлжалланган бўлиб, маблағ тушириладиган карта ёки электрон ҳамён фақат ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши талаб этилади.
Жараён қўшимча бюрократиясиз ишлайди: ходим тизимда алоҳида рўйхатдан ўтмасдан, ўз реквизитларини бухгалтерияга тақдим этиши кифоя ва у исталган вақтда банкини ўзгартириши мумкин. Ташкилот барча ходимлар учун ягона тўлов реестрини ўз банки орқали Марказга юборади, у ерда маълумотлар Марказий банк базаси орқали текширилиб, ёпиқ тармоқ воситасида тегишли банкларга тақсимланади (реквизитларда хатолик аниқланса, реестр тузатиш учун ортга қайтарилади). Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сон қарори доирасида амалиётга татбиқ этилаётган мазкур тизим банклар ўртасида хизмат сифати бўйича рақобатни кучайтириш ҳамда ташкилотларнинг шартномавий юкини қисқартиришга хизмат қилади.





