Logo

Россияда Ҳиндистон, Виетнам ва КХДР мигрантлари Марказий осиёликларни сиқиб чиқара оладими?

Bugun 08:403 daqiqa

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларининг Россияга иш мақсадида бориши камайган.

Россияда Ҳиндистон, Виетнам ва КХДР мигрантлари Марказий осиёликларни сиқиб чиқара оладими?

Яқин келажакда МДҲга аъзо бўлмаган мамлакатлардан Россияга келаётган ишчилар Марказий осиёлик меҳнат мигрантларининг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Бу сиёсат фақатгина ишчи кучи манбаларини диверсификация қилишга ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақда Россия-Тожикистон (Славян) университетининг хорижий минтақашунослик ва ташқи сиёсат кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Раҳмон Ўлмасов ТАСС агентлигига маълум қилди.

«Мен МДҲга кирмайдиган давлатлардан ишчи кучини жалб қилиш яқин келажакда Тожикистондан келган меҳнат мигрантларининг ўрнини боса олади, деб ҳисобламайман. Бу ерда гап бир гуруҳ мигрантларни бошқаси билан алмаштириш ҳақида эмас, балки ишчи кучи манбаларини диверсификация қилиш ҳақида бормоқда», — деди профессор Ўлмасов.

Аввалроқ «Ведомости» газетаси Россия Федерал хавфсизлик хизмати чегара хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларининг Россияга иш мақсадида бориши 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга камайган — 2,3 миллиондан 1,9 миллионгача қисқарган. Энг сезиларли пасайиш Тожикистон фуқаролари ўртасида қайд этилган бўлиб, иш мақсадидаги ташрифлар қарийб 18 фоизга (494,5 минггача) камайгани маълум қилинган эди.

Марказий Осиё мигрантларида устунлик бор

Экспертнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия ишчиларни жалб қилиш географиясини кенгайтирмоқда ва Ҳиндистон, Виетнам, Мянма, Бангладеш ҳамда КХДР фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга қабул қилиш масаласи тез-тез муҳокама қилинмоқда. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат кескин кадрлар тақислиги ва фақат бир минтақага қарамликни камайтириш истаги билан изоҳланади. Аммо бундай сиёсат имкониятларининг ўзига хос объектив чегаралари мавжудлиги айтилмоқда.

«Биринчидан, Марказий Осиёдан келган мигрантлар муҳим рақобат устунликларига эга. Уларнинг аксарияти рус тилини билади, Россиянинг маданий ва ҳуқуқий муҳити билан таниш, Россияда қариндошлари ва шаклланган ижтимоий алоқалари бор. Бу уларнинг мослашишини сезиларли даражада енгиллаштиради ва иш берувчиларнинг харажатларини камайтиради», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди нашр.

Шунингдек, Марказий Осиёнинг географик жиҳатдан яқинлиги транспорт харажатларини кескин қисқартиради ва Россия меҳнат бозоридаги мавсумий эҳтиёжларга тезкор муносабат билдириш имконини беради.

«Учинчидан, ўнлаб йиллар давомида барқарор миграция инфратузилмаси — кадрлар агентликлари, транспорт йўналишлари, диаспоралар, пул ўтказмалари механизмлари ва ижтимоий тармоқлар шаклланган. Янги давлатлар учун худди шундай инфратузилмани яратиш вақт ва катта ресурсларни талаб қилади», — деди профессор.

Унинг қайд этишича, шу сабабли янги давлатлар Тожикистондан келган мигрантларни сиқиб чиқармайди, балки кадрлар тақислиги энг кескин сезилаётган ёки маълум малакага эга мутахассислар талаб қилинадиган бўшлиқларни тўлдиради, холос.

Тожикистон меҳнат миграцияси

Расмий маълумотларга кўра, хорижга ишлаш учун кетаётган Тожикистон фуқароларининг асосий қисми ҳамон Россияга йўл олмоқда. РФ Президенти Владимир Путин 2025 йилнинг октябр ойида Душанбега қилган давлат ташрифи чоғида республика фуқароларининг Россия иқтисодиёти ўсишига қўшаётган ҳиссасини таъкидлаб, Россия қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида 1 миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат қилаётганини айтиб ўтган эди.

Шу билан бирга, Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларининг меҳнат миграцияси йўналишларини кенгайтириш устида ишламоқда. Жумладан, Тожикистон Меҳнат вазирлиги 17 та давлат, шу жумладан, Россия, Беларус, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Хитой, Кувайт, БАА ва Туркия билан келишувлар имзолаган. Бироқ, ташкилий ишга қабул қилиш доирасида Россиядан ташқари бошқа давлатларга ишга кетган тожикистонликлар сони ҳозирча йилига бир неча минг кишини ташкил этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid