add

Россияда енгил автомобиллар сони 25 йилда илк бор қисқарди

30.01.2026 | 18:302 daqiqa

2025 йил якунлари Россия автопарки учун бурилиш нуқтаси бўлди: рўйхатдаги енгил автомобиллар сони камайди, солиқ босими ва эски машиналар оммавий чиқиб кетишни тезлаштирди.

Россияда енгил автомобиллар сони 25 йилда илк бор қисқарди

2025 йил якунларига кўра, Россияда рўйхатдан ўтган енгил автомобиллар сони 52,8 миллионтага тушди. Бу бир йилда 0,18 фоиз камайишни англатади. Шу тариқа, сўнгги 25 йил ичида илк бор мамлакат автопарки қисқарди. «Коммерсант» нашрининг Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, бир йил ичида қарийб 100 минг автомобил ҳисобдан чиқарилган.

Статистикага қараганда, 2000 йилдан 2024 йилгача Россияда енгил автомобиллар сони деярли 2,6 баробар ўсиб, 20,3 млдан 52,9 млнтага етган эди. Ҳатто Украинадаги кенг кўламли урушнинг дастлабки уч йилида ҳам автопарк 2373 донага ошган. Бироқ 2025 йилда ушбу тренд бузилди.

Мутахассислар автопарк қисқаришини иқтисодий эмас, балки маъмурий ва таркибий омиллар билан боғламоқда. Автомобиллар ҳисобдан чиқарилиши кўп ҳолларда янги сотиб олиш билан эмас, эски машиналарни расман ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ.

Солиқ ва эски машиналар

Автопарк қисқаришининг асосий сабабларидан бири транспорт солиғи ошиши ҳисобланади. Олий иқтисодиёт мактабининг Транспорт иқтисодиёти институти илмий директори Михаил Блинкинга кўра, ҳаракатланишдан қолган, амалда металлоломга айланган машиналар ҳам йиллар давомида ҳисобда қолаверар эди.

«Ҳудудларда транспорт солиғи ошгач, одамлар эски машиналарни расмий равишда ҳисобдан чиқара бошлади», — дейди у. Бу жараён интернетдаги қизиқиш динамикасида ҳам акс этди. «Яндекс.Вордстат» маълумотларига кўра, 2025 йил давомида «машинани ҳисобдан чиқариш» сўровлари ойига 88 мингтадан 122 мингтагача ошган.

Ушбу ўсиш Москва, Москва области, Краснодар ўлкаси ва бошқа ҳудудларда 2026 йил 1 январдан транспорт солиғи оширилиши ҳақида қарорлар қабул қилинган пайтга тўғри келди. Бу эса автопаркдаги эски ва ишлатилмайдиган машиналарни сақлаб туриш иқтисодий маъносиз бўлиб қолганини кўрсатади.

Янгиланиш секинлашди

Шу билан бирга, Россияда автопаркни янгилаш суръати кескин пасайган. «За рулём» журнали бош муҳаррири Максим Кадаковнинг таъкидлашича, автопарк табиий равишда янгиланиши учун йилига камида 2,2–2,5 миллионта янги енгил автомобил сотилиши керак.

Аммо 2025 йилда бозорда атиги 1,32 миллионта янги автомобил сотилган, бу эса олдинги йилга нисбатан 15,6 фоизга кам. Экспертга кўра, 2000-йиллар бошида сотиб олинган машиналар ҳозир ўз хизмат муддатининг охирига етиб келган. «Айниқса, юридик шахслар ёки давлат ташкилотларида фойдаланилган машиналарни эксплуатация қилиш мумкин эмас. У аллақачон темир-терсак», — деган Кадаков.

Россия президенти тасдиқлаган йўл ҳаракати хавфсизлиги стратегиясида ҳам автопаркнинг қариши энг жиддий муаммолардан бири сифатида қайд этилган. 2024 йил ҳолатига кўра, мамлакатдаги енгил автомобилларнинг 23 фоизи 15 йилдан ортиқ муддат хизмат қилган.

Teglar

Mavzuga oid

Россияда енгил автомобиллар сони 25 йилда илк бор қисқарди | Vaqt.uz