Рўйхатдан ўтмаган чет элликларни жойлаштирганларга жазо кучайтирилади
Ўзбекистонда хорижий фуқароларни рўйхатдан ўтказмасдан қабул қилаётган меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш объектлари учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказмасдан жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг 22-июл кунги ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳасида назарда тутилган.
Ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Сатторовнинг маълум қилишича, 2026-йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқими 27 фоизга ошиб, 5,5 миллион нафарга етган. Айни пайтда 80 дан ортиқ давлат фуқаролари учун визасиз тартиб амал қилмоқда ҳамда электрон виза тизими жорий этилган.
Шу билан бирга, айрим меҳмонхоналар, хостеллар, санаторийлар, пансионатлар, кемпинглар ва хусусий ҳамда давлат даволаш муассасалари хорижликларни «Э-меҳмон» тизими орқали вақтинчалик рўйхатдан ўтказмасдан қабул қилаётгани қайд этилди.
Жавобгарлик кучайтирилади
ИИВга кўра, рўйхатга олиш талабларининг бузилиши чет элликларнинг ҳақиқий жойлашувини аниқлашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Бундан ташқари, бундай амалиёт айрим субъектларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва яширин иқтисодиётни кенгайтириш имконини бермоқда.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасига жойлаштириш объектлари ва даволаш муассасалари мансабдор шахслари учун хорижликларни рўйхатга олиш қоидаларини бузганлик бўйича алоҳида жавобгарлик киритиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, бир йил ичида такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жазони оғирлаштириш ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз шахсларни жойлаштиришга йўл қўйган мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш назарда тутилган. Бундай маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатини ички ишлар органларига бериш таклиф қилинмоқда.
Қонунлар уйғунлаштирилади
Лойиҳа доирасида амалдаги қонунчиликни ягона терминологияга мослаштириш ҳам режалаштирилган. Хусусан, 24 та қонунга техник ўзгартишлар киритилиб, «доимий яшаш жойи» ва «вақтинчалик яшаш жойи» атамаларини мос равишда «яшаш жойи» ва «турган жойи» тушунчалари билан алмаштириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил октябр ойидан «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисида»ги қонун кучга кирган. Унга мувофиқ, «Э-хабар бериш» тизими орқали доимий яшовчи хорижликларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш механизми жорий этилган.





