Рубио ва Лавров ўртасидаги телефон суҳбати можарога айланди
NBC маълумотига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги телефон мулоқоти тортишув билан якунланган.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги сўнгги телефон суҳбати кескин тортишув билан якунлангани маълум бўлди. NBC телеканалининг хабар беришича, Лавров мулоқот пайтида асабийлашган ва Россиянинг Украинадаги фронт бўйича оташкесимга ҳозир эмаслигини яна бир бор тасдиқлаган.
Трамп маъмуриятидаги манбанинг айтишича, Рубио Лавровга мурожаат қилиб, «агар Москва жорий фронт чизиғида ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр бўлмаса, президент ва ўз вақтимни бундай суҳбатларга сарфламоқчи эмасман», деган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги собиқ раҳбар ўринбосари Андрей Фёдоровнинг таъкидлашича, «айнан Рубио ва Лавров суҳбатида можаро келиб чиққан». Унинг сўзларига кўра, асосий ихтилоф — ўт очишни тўхтатиш вақти бўйича келишмовчиликдир.
Лавров эса суҳбат давомида АҚШ «Аляска келишуви»да белгиланган тамойилларга амал қилмаса, кейинги музокаралар маъносиз бўлишини айтган.
Бу воқеадан кейин АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан Будапештда режалаштирилган учрашувни бекор қилган.
Reuters агентлиги маълумотига кўра, Кремл ҳануз радикал талабларини сақлаб қолмоқда ва жорий фронт чизиғидаги ўт очишни тўхтатишни рад этмоқда. Европа дипломатларига кўра, «руслар жуда кўп нарса талаб қилмоқда, шу боис Трамп учун Будапештда ҳеч қандай келишув бўлмайди».





