Рус тадбиркорлари Путиндан урушни тугатишни сўрамоқда

Россия иқтисодиёти секинлашув босқичига кирди. Reuters суҳбатлашган тадбиркорлар фикрича, иқтисодий ўсишни тиклаш ва бизнес фаоллигини жонлантириш учун аввало Украинадаги урушга барҳам бериш керак.

Рус тадбиркорлари Путиндан урушни тугатишни сўрамоқда

Россия президенти Владимир Путин Петербург халқаро иқтисодий форумини иқтисодиётдаги мураккаб вазият фонида ташкил этмоқда. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат иқтисодиётида ўсиш суръати сезиларли даражада секинлашган.

Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, қиймати тахминан 3 триллион долларга тенг Россия иқтисодиётининг ўсиши ўтган йили 4,9 фоиздан қарийб 1 фоизгача пасайган. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса иқтисодиёт 0,2 фоизга қисқарган.

Жорий йил учун прогноз ҳам юқори эмас — иқтисодий ўсиш 0,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Расмийлар бу ҳолатни юқори фоиз ставкалари, Ғарб санкциялари ва рублнинг мустаҳкамланиши билан изоҳлаган.

Уруш иқтисодиётга босим қилмоқда

«Reuters»нинг ёзишича, Украина дронларининг Россия ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш заводлари, портлар ва саноат объектларига қилган ҳужумлари иқтисодиётнинг айрим тармоқларига жиддий таъсир кўрсатган.

Хусусан, мамлакат нефтни қайта ишлаш қувватларининг қарийб тўртдан бир қисми турли даражада зарар кўргани қайд этилмоқда.

Бу вазиятда Путин ҳукуматга иқтисодий ўсишни тиклаш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйган.

Бироқ агентлик билан суҳбатлашган айрим тадбиркорлар фикрича, иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўли Украинадаги урушни тугатиш бўлиши мумкин.

Тинчликка умид сақланмоқда

«Reuters» билан аноним суҳбатлашган йирик компания раҳбарларидан бири тинчлик музокаралари ҳақидаги ҳар қандай ижобий хабар Россия фонд бозорида дарҳол ўсиш кайфиятини шакллантираётганини таъкидлади.

Бироқ Кремл маълумотига кўра, АҚШ воситачилигидаги тинчлик музокаралари ҳозирча тўхтаб қолган. Вашингтоннинг асосий эътибори Яқин Шарқдаги вазиятга қаратилгани айтилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ инвестициялари ва санкцияларни юмшатиш бўйича эҳтимолий музокаралар ҳам амалда музлатиб қўйилган.

Юқори лавозимли россиялик банкир анонимлик шарти билан нашрга маълум қилишича, Путин ўтган йили келишувга эришиш учун қулай имкониятни бой берган ва ҳозирда иқтисодиёт беқарорлик белгиларини намоён этмоқда.

3–6 июн кунлари ўтадиган Петербург халқаро иқтисодий форумининг асосий мавзуси иқтисодий ўсиш бўлиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid