add

Samsung Galaxy S26 Ultra қандай рангларда тақдим этилиши маълум бўлди

Bugun 14:122 daqiqa

Янги флагман тўрт рангда чиқади, Ultra версия эса энг илғор 3 нанометрли чип билан жиҳозланади.

Samsung Galaxy S26 Ultra қандай рангларда тақдим этилиши маълум бўлди

Samsung компаниясининг янги флагман смартфони Galaxy S26 Ultra ҳақида навбатдаги тафсилотлар ошкор этилди. Машҳур инсайдер Ice Universe тарқатган маълумотларга кўра, қурилма бозорга тўрт хил рангда чиқарилади ва аппарат платформаси жиҳатидан бошқа моделлардан сезиларли даражада фарқ қилади.

Манбага кўра, Galaxy S26 Ultra қора, оқ, кўк ва бинафша ранг вариантларида сотувга чиқади. Бу ранглар Samsung’нинг премиум сегментдаги анъанавий услубини сақлаб қолган ҳолда, янги серияни визуал жиҳатдан ажратиб кўрсатишга қаратилган. Компания айни пайтда дизайнни янгилаш билан бирга, техник имкониятларни ҳам кучайтиришга уринмоқда.

Аппарат таъминоти нуқтаи назаридан, Galaxy S26 серияси ичида энг катта фарқ айнан Ultra моделида кузатилади. Galaxy S26 ва Galaxy S26+ смартфонлари 2 нанометрли технология асосида ишлаб чиқарилган Exynos 2600 чипи билан жиҳозланади. Galaxy S26 Ultra эса 3 нанометрли техпроцессга эга Snapdragon Elite Gen 5 процессоридан фойдаланади, бу эса унга юқори унумдорлик ва энергия самарадорлигини таъминлаши кутилмоқда.

Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам турлича суръатда олиб борилмоқда. Galaxy S26 Plus учун компонентлар ишлаб чиқарилиши ўтган ой бошланган. S26 ва S26 Plus моделларининг якуний йиғилиши жорий ойда старт олган. Шу билан бирга, Galaxy S26 Ultra бошқа моделларга нисбатан эртароқ оммавий ишлаб чиқариш босқичига чиқарилган.

Айни пайтда Ultra версияси юқори ҳажмда тайёрланаётгани айтилмоқда. Бу Samsung’нинг айнан ушбу моделга бўлган бозор талабини олдиндан юқори баҳолаётганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Samsung компаниясининг Samsung Galaxy S26 смартфонлари 11 мартдан сотувга чиқади. Франсиянинг Деалабс нашри маълумотига кўра, бу сана АҚШда 25-феврал куни бўлиб ўтадиган расмий тақдимотдан икки ҳафта ўтиб белгиланган.

Galaxy S26 линиясига анъанавий тарзда учта модел киради. Булар оддий Galaxy S26, каттароқ экранли Galaxy S26 Plus ва энг кучли Galaxy S26 Ultra ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid