Сентябрдан иш ҳақи ва стипендиялар 7 фоизга оширилади
1 июлдан пенсия ва нафақалар, 1 сентябрдан эса иш ҳақи ҳамда стипендиялар 7 фоизга оширилади. Шунингдек, энг кам иш ҳақи, базавий ҳисоблаш миқдори ва ижтимоий тўловларнинг янги миқдорлари тасдиқланди.
© uzaЎзбекистонда пенсия, нафақа, иш ҳақи ва стипендиялар миқдори оширилади. Бу Президентнинг 23 июнь куни қабул қилинган ПФ–115-сонли фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан пенсиялар, нафақалар, шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга тўланадиган болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдори 7 фоизга оширилади.
Шундан сўнг:
• ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 983 минг сўмни;
• ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори ойига 1 млн 83 минг сўмни ташкил этади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун болалар нафақаси қуйидаги миқдорларда белгиланди:
• 3 ёшгача бўлган битта фарзанд учун — 386 минг сўм;
• 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун — 295 минг сўм;
• иккинчи фарзанд учун қўшимча — 177 минг сўм;
• учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанд учун қўшимча — 118 минг сўм.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга бериладиган моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 450 минг сўм этиб белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда талабалар стипендиялари ҳам 7 фоизга оширилади.
Бундан ташқари:
• 1 июлдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 504 минг сўм этиб белгиланади;
• 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 360 минг сўмга етказилади;
• базавий ҳисоблаш миқдори эса 440 минг сўм этиб белгиланади.
Фармон билан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва фуқаролар даромадларини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.





