
Шаҳрисабз тумани прокурори Чироқчи туманига ҳоким бўлди
Шаҳрисабз тумани прокурори сифатида фаолият юритиб келаётган Баҳодир Худойқулов Чироқчи тумани ҳокими этиб тайинланди.

Баҳодир Худойқулов Чироқчи тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Баҳодир Худоёрович Худойқулов 1985 йилда туғилган. У Самарқанд давлат университети ҳамда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассис сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида кўп йиллик тажрибага эга.
Фаолияти давомида Худойқулов 2018–2024 йилларда Чироқчи тумани прокурори лавозимида ишлаган. Тайинловга қадар Шаҳрисабз тумани прокурори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Чироқчи туманининг аввалги ҳокими Файзулла Юсупов 2025 йил ноябр ойида президент иштирокида ўтган йиғилишда камбағалликка қарши курашишда етарли натижа кўрсатмагани учун ўринбосарлари билан бирга ишдан олинган.
Шунингдек, Юсупов аввалроқ фуқарога қўпол муносабатда бўлгани учун интизомий жавобгарликка тортилган, қатъий огоҳлантирилган ва бир неча бор ҳайфсан олганган.
Юсупов Чироқчи тумани ҳокими лавозимига 2023 йил август ойида тайинланган бўлиб, икки йилдан ортиқ фаолият юритган.





